Бизнес-омбудсман девони ташкил этилади
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девонининг давлат органи сифатидаги мақоми аниқлаштирилмоқда. Ушбу масалани ўз ичига олган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда, — деди қуйи палатанинг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев. — Маълумки, 2017 йилда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти жорий қилинган эди. Эндиликда олдимизда муҳим масала турибдики, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девонининг ҳуқуқий мақомини янада ошириш лозим. Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси билан юридик шахс ҳуқуқига эга давлат органи бўлган Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг девонини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда унинг девонининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлашга ҳамда унинг давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Халқ вакиллари қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб, уни қабул қилдилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА