“Бизнес марафон” ёшларга нима беради?
Ёшлар пресс- клубида Ёшлар ишлари агентлиги ва “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ҳамкорлигида юртимиз бўйлаб илк маротаба ташкил этилган “Бизнес марафон” га бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси мамлакатда ёшлар бизнеси ва тадбиркорлиги тўлақонли йўлга қўйилган, ёшларнинг ўз қобилиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратилган бўлса, уларнинг юрт тараққиётига қўшадиган ҳиссаси шунчалик самарали бўлади.
Ўзбекистонда ҳам ёшларга, айниқса, уларни тадбиркорликка жалб қилишга бўлган эътибор кучайтирилган. Бу борадаги ислоҳотлар кўлами ҳам кенг.
Хусусан, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган бир қанча қонунлар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. “Бизнес марафон” ташкил этилиши ҳам ёшлар учун кенг имкониятлардан бири бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”фармони ижроси доирасида ташкил этилган “Бизнес марафон”дан мақсад ёшларимизнинг келажакда тегишли соҳаларда малакали мутахассислар бўлиб етишишига кўмак бериш, уларни тадбиркорликка ўқитиш учун мамлакатимизда юқори натижаларга эришган соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ўқув машғулотларини ўтказишдир.
Айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида “Бизнес марафон” мотивацион тренинг дарслари бўлиб ўтмоқда. Марафонларда юртимизнинг кўзга кўринган ва муваффақиятга эришган соҳа вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этиб, ёшлар билан ўз ғоялари тўғрисида фикрлашмоқда.
[gallery-2723]
Гулноза Бобоева, ЎзА