Биз ёшлар ҳаракатдан тўхтамаймиз
Қарор ва ижро
Касбим – менинг ҳаётим мазмуни. Шиорим эса интилишдан ҳеч қачон тўхтамаслик! Фаолиятимни 2011 йил 34-сонли умумтаълим мактабида ёшлар етакчилигидан бошлаганман. Ҳозир Янгийўл туманидаги Бунёдкор маҳалласида ёшлар етакчисиман, шу билан бирга, Тошкент иқтисодиёт ва педагогика институтининг сиртқи бўлими талабасиман.
Ҳозир мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун барча зарур шароит яратиб берилган. Жорий йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номлангани барча қатори бизга ҳам катта масъулият юклади.
Дарҳақиқат, ўтган йили маҳалламизда ёшлар билан индивидуал ишлаш тизимини жорий этиш учун 14-30 ёшдаги 599 нафар ёш фаолияти таҳлил қилинди. Улар уч тоифага ажратилиб, тарбияси оғир ва алоҳида ишлаш зарур бўлган ёшлар турли даражадаги ташкилот-муассасалар раҳбарларига бириктирилди. Натижада ёрдам кўрсатилиши зарур бўлган 9 нафар ўғил-қизнинг барчасига амалий кўмак берилди.

Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшлар билан ишлаш йўналишидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди. Қарор асосида ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Айни пайтда Тошкент вилояти маҳаллаларидаги ёшлар етакчилари билан бир сафда фаолият юритмоқдаман.
Бизнинг маҳаллада ҳам ёшларнинг раҳбарларга бириктирилиши, бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларини қўллаб-қувватлаш, мурожаатларини назоратга олиш борасидаги чора-тадбирлар ижобий натижа бермоқда.
Мисол учун, маҳалламиздаги ёрдамга муҳтож ёшларнинг 16 нафарига контракт пулларининг 50 фоизи тўлаб берилди, 13 нафари ҳарбий хизматга юборилди, 11 нафарига субсидия асосида асбоб ускуна олиб берилди, 4 нафарига тикув машина, 3 нафарига “Мотокултиватор”, 1 нафарига компьютер олиб берилди. Шунингдек, 3 нафар ёшнинг даволаниши учун моддий кўмак кўрсатилди.
Бундан ташқари, ҳудудимизда иш бошлаган “AL-AZIZ ACADEMY” нодавлат таълим муассиси билан ҳамкорликда 5 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари инглиз ва рус тилига бепул ўқитилмоқда. 4 нафар ёшнинг 3 нафари тикувчиликка, 1 нафари ҳамширалик бўйича касб-ҳунарга ўқитилиб, иш билан таъминланди. 20 нафар ёшга деҳқончилик қилиши учун сувли жойлардан ер майдонлари ажратилди. Бугунгача кўчаларда ҳашарлар ташкил этилиб, унда ёшлар фаол иштирок этди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олинди.
Сарҳисоб қилишга арзигулик натижаларимиз жуда кўп. Бироқ бу билан ҳеч ҳам тўхтамаймиз. Аксинча, янги марраларни, янги мақсадларни амалга ошириш учун ҳаракат қилмоқдамиз. Жамиятимиздаги амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатларда фаол қатнашаётганимдан жуда хурсандман.
Лайло Боймирзаева,
Янгийўл туманидаги
Бунёдкор маҳалласи ёшлар етакчиси.
ЎзА