Биз табиат учун ғамхўрмиз
Қашқадарёлик ёшлар мана шу ғоя остида бирлашиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этмоқда. Лойиҳа доирасида ёшлар ташаббуси билан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ёшлар боғлари ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳанинг мақсади ҳудудларни кўкаламзорлаштириш орқали экологик ҳолатни яхшилашдир.
Вилоятдаги Ғузор туманида Тошгўзар маҳалласи ҳудудида 1 минг 500 туп мевали дарахт кўчатлари экилиб, “Ёшлар боғи” ташкил этилди. Шунингдек, тўқсонбости экин экиш учун ер олган ёшлар ҳам ўз ерларининг атрофларини манзарали ва мевали дарахтлар билан кўкаламзорлаштирмоқда.
Жумладан, Миришкор туманида ҳам ёшлар ташаббуси билан боғ ташкил этилиб, Оқмачит маҳалласида 1 минг 400 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Бу жараён ёшларнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган бўлиб, улар ўз ер майдонларида экин экиш ва боғларни кўкаламзорлаштиришга катта ҳисса қўшмоқда.
[gallery-20566]
Косон туманидаги ёшлар ҳам ўз ҳудудларида 1 минг 400 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экди. Косон маҳалласи ёшларининг ташаббуси билан ер майдонлари атрофи ҳам тўлиқ кўкаламзорлаштирилиб, боғлар ташкил этилмоқда.
Шаҳрисабз туманида эса ёшлар томонидан 1 минг 400 тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилган. Шаҳрисабзда ёшлар учун ажратилган ер майдонларининг боғ қаторларига агротехника ишлари олиб борилиб, кўчатлар экилган.
Қашқадарё вилоятида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган ёшлар боғлари ва экин майдонларининг барчаси Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан қизғин равишда амалга оширилмоқда. Ҳар бир туман ва шаҳарда ёшларнинг фаол иштирокида бу ишлар давом этмоқда. Биргаликда яшил маконни яратиш ва вилоятни кўкаламзорлаштиришга бўлган интилиш давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари