Биз Ўзбекистонда бахтиёрмиз!
Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган “Янги йил – орзу-умидлар ва улкан ниятлар байрами” шиори остида тантанали тадбирда вилоятдаги миллий маданий марказлар фаоллари, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган турли миллат вакиллари жам бўлди.
Тадбирда вилоятда жорий йил сарҳисоби, шу жумладан “Дўстлик уйи”да бирлашган Қирғиз, Тожик, Рус, Корейс миллий маданий марказлари фаолияти якунлари таҳлил қилинди. Байрам тадбирида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ҳотамов, Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отахўжаев мамлакатимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани тўғрисида сўз юритди.
Дарҳақиқат, бағрикенглик деб аталмиш оддий сўз замирида олам маъно мужассам. Зотан, бу фазилат ҳар қандай шахс, миллат, жамиятнинг кўрки ва зийнати, айни чоғда маънавий юксаклик ва улуғворлик белгисидир. Шунинг учун ҳам “бағрикенг ўзбек халқи”, “бағрикенг Ўзбекистон” ибораларини ҳар гал эшитганимизда қалбларимизни ғурур ва ифтихор туйғулари қамраб олади. Инсонга берилган энг буюк неъмат ҳаёт бўлса, инсоният интилиб келган энг улуғ мақсадлар бу тинчлик ва тотувликдир.
[gallery-15318]
Бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 140 дан ортиқ миллий-маданий марказлар ҳамда 16 та конфессия вакиллари ўзаро тинчлик ва ҳамжиҳатликда истиқомат қилмоқда. Жумладан, Наманган вилоятида 4 та миллий-маданий марказ ҳамда 4 та ноисломий диний ташкилотнинг фаолият олиб бориши учун ҳар томонлама кўмаклашилаётганлиги турли миллат вакилларининг ўз она тили, маданияти, санъати, ҳунармандчилиги ва миллий қадриятларини ривожлантиришида муҳим ўрин тутмоқда.
–Мен шу муқаддас заминда туғилиб, ўсганимдан бағоят бахтиёрман. Миллатим корейс, Ўзбекистонни она Ватаним, деб ҳисоблайман, – дейди вилоят Корейс миллий маданий маркази фаоли Ким Шура. – Қирқ йил давомида Наманган вилояти электр таъминоти соҳасида иқтисодчилик қилдим. Фарзандларимни ўқитдим. Катта фарзандим подполковник Елена Цой божхона институтида ишлайди. Ўғлим Станислав Цой эса хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келади. Ҳозирда набираларим даврасида ҳаёт гаштини сурмоқдаман. Якунига етган 2023 йил ҳаётимда унутилмас йил бўлиб қолди. Президент фармойишига асосан мени “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирлашди.
Байрам тадбирида турли миллат ва элат вакиллари маданиятини тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Сўзга чиққанлар бағрикенг юртимиздаги тинч-осуда ҳаёт, миллатлараро тотувликни эътироф этиб, эзгу тилакларни изҳор этди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.