"Биз ОИТС ва ОИВ га қаршимиз"
Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишлантираётган хасталиклардан биридир. Ушбу сурункали касалликнинг олдини олиш борасида республикамизда, хусусан, Сирдарё вилоятида ҳам барча чоралар кўрилмоқда. Бу ҳаракатлар касаллик аҳоли орасида кенг миқёсда тарқалишининг олдини олмоқда.
1 декабрь "Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни" муносабати билан ана шу касалликнинг олдини олиш, аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида "ОИТСни йўқ қилиш, пандемияни тугатиш" шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Тадбир Гулистон шаҳрида вилоят ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш, Ички Ишлар ва Халқ таълими бошқармалари, Алишер Навоий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси, Сирдарё вилояти ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тарғибот тадбири давомида "Бу оламни, ОИТСсиз, беғубор ва чиройли рангларда кўрайлик" мавзусида рангтасвир, ўймакорлик, наққошлик ва тикувчилик асарлари намойиш этилди. Шунингдек, умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида ХХI аср вабосига айланган орттирилган иммунитет танқислиги синдроми келтириб чиқарадиган касаллик, унинг салбий оқибатлари акс этган расмлар танлови ўтказилди.

Ёшларнинг ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Вилоятдаги 12 та умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида "Заковат" билимлар беллашуви ўтказилди. Ғолиблар муносиб рағбатлантирилди. Тадбир сўнгида "Биз ОИТС ва ОИВ га қаршимиз" мавзусидаги театрлаштирилган саҳна кўриниши намойиш этилди.
Ш.Суяров,
Ф.Тошматов(сурат), ЎзА