Биз – Ибн Сино авлодларимиз!
Чирчиқ шаҳридаги маданият саройида “Биз – Ибн Сино авлодларимиз!” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Тошкент давлат Тиббиёт университети Чирчиқ филиалининг биринчи босқич талабалари учун “Талабаликка бағишлов” номли тантанали тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент давлат Тиббиёт университети проректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Боймуродов, Тошкент вилояти Касбий таълим бошқармаси бошлиғи Насиба Қулбекова, вилоят Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов, Тиббиёт университети Чирчиқ филиали директори Ғафуржон Султонов ҳамда ўқитувчилар, ота-оналар ва талабалар иштирок этди.


– Қизим бу йил мазкур олийгоҳга ўқишга кирди, – дейди 1-курс талабаси Зайнаб Носированинг онаси Лутфия Суярова. – Бугунги тадбирдан кўнглим тоғдек кўтарилди. Бутун республикамиздан мен каби ота-оналар келгани талабаларга ўзгача қувонч бағишлади. Чунки ҳар бир ёшнинг ёнида яқинлари турса, у ўзини бахтиёр ҳис қилади. Ўз навбатида фарзандларимизнинг эришаётган ютуқларини кўриш биз учун ҳам катта бахт.


Тадбир доирасида университетнинг ташаббускор, илғор ва фаол ёшлари ташаккурнома ва совғалар билан тақдирланди. Куй ва қўшиқлар, саҳна кўринишлари, университетнинг “Қувноқлар ва зукколар” жамоасининг чиқишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шу куни маданият саройи гавжум бўлди. Бино олдидаги безатилган муҳташам арча гўё меҳмонларга пешвоз чиқаётгандек. Ушбу олийгоҳда Ҳиндистон, Миср ва Қувайт каби хориж давлатларидан келиб таҳсил олаётган ёшлар нигоҳида ҳам ўзгача шодликни пайқаш қийин бўлмади.
А.Мусаев, ЎзА.