“Биз донормиз” акцияси ўтказилди
Ҳар йили “Юксалиш” ҳаракати томонидан “Биз донормиз” акцияси ўтказилиб келинмоқда.
Навоий вилоятида ҳам донорликни оммавий ҳаракатга айлантириш, муҳтож кишиларга беғараз қон тўплашга кўмаклашишни мақсад қилган ушбу акция Навоий вилоятида ҳам юқори савияда ташкил этилди
Акцияда вилоят ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Миллий гвардия, ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ва маҳаллалардан кўнгиллилар иштирок этди.

– Акция Навоийда уч кун давом этди, – дейди “Юксалиш” ҳаракатининг Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Илҳом Сатторов. – Акция бундан уч йил аввал бошланган эди. Дастлабки йили бўлиб ўтган акцияда иштирок этувчилар 20-25 нафарни ташкил этган бўлса, бу галги акцияга қарийб 100 нафарга яқин кўнгиллилар иштирок этиш истагини билдирди. Бу ҳам жамиятимизда одамларга яхшилик қилиш, беминнат ёрдам қўлини чўзишга бўлган хоҳиш кучайиб бораётганини билдиради. Мақсадимиз ҳам мана шундай олийжаноб кишилар сафини кўпайтиришдан иборатдир.
Албатта, ушбу донорлик акцияси аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири