Битирувчиларга дипломлар топширилди
Навоий давлат педагогика институтида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
2023-2024 ўқув йилида Навоий давлат педагогика институтини 28 та таълим йўналишлари бўйича 4284 нафар талаба тугатди. Уларнинг 4237 нафари бакалавр ва 47 нафари магистр дипломига эга бўлди.



– Ушбу олийгоҳ нафақат вилоятимизда, балки республикада ҳам ўз ўрнига эга бўлган олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади, – дейди институт ректори Муҳиддин Калонов. – Бугун 40 йиллик тарихга эга бўлган ушбу институт битирувчилари ўз соҳаларининг етук мутахассислари сифатида меҳнат бозорига кириб келмоқда. Институтимизда ёшларнинг баркамол шахс сифатида таълим ва тарбия олишлари учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Келгусида бу ерда “Вилоят ҳокими стипендияси” жорий этилиши, “Мунозара” интеллектуал ўйини бўйича “Ҳоким кубоги” мусобақаси, “Стартап лойиҳалар” танлови ўтказилиши режалаштирилган. Барча саъй-ҳаракатларимиз талабаларимизнинг билимини оширишга, ўз устида тинимсиз изланишлари учун хизмат қилишига ишонаман.


Албатта, бугунги кунда юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилмоқда. Уларнинг ижтимоий фаоллиги, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бормоқда, Янги Ўзбекистон давлатини барпо этишдаги иштироки кенгаймоқда.


– Инсон учун энг катта бахт илм йўлида эришган ютуқларидир. Бугун институтни тамомлаб, магистр даражасига эришдим, – дейди Шаҳноза Қаҳҳорова. – Бугун биз каби битирувчилар учун унутилмас дақиқалардан бири бўлмоқда. Устозлар қўлидан имтиёзли диплом олар эканман, уларнинг тилаклари менга катта далда ва ғурур бағишлади. Менинг шу даражага етишишимга, қатор муваффақиятларга эришишимда устозларимнинг хизмати катта. Уларга минг раҳмат. Барча битирувчилар, курсдош дўстларимнинг келгуси ишларига улкан муваффақиятлар тилайман.
Тадбирда бир гуруҳ бакалавриат ва магистратура босқичини тамомлаган талабаларга дипломлар топширилди
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири