Битирувчи талабалар бандлигини таъминлашга эътибор қаратилмоқда
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган битирувчи талабалар билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда университет ректори Бахтиёр Мардонов, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ижрочи директори Мирзобек Қўлдошев, “Ўзмиллийбанк” АЖ “Келажакка қадам” маркази бўлими бошлиғи Шоҳзамон Эркинов ва бошқалар сўзга чиқиб, ёшлар учун яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозорига интеграциясини кучайтириш энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Бунда Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Қарорга асосан “Келажакка қадам” дастури амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида ёшларнинг ўз касбий фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашиш, уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда иш билан таъминланишига амалий ёрдам бериш кўзда тутилган.
Тадбирда мазкур дастур доирасидаги вазифаларни самарали амалга ошириш, ёшларнинг молиявий саводхонлигини юксалтириш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида сўз юритилиб, битирувчи талабалар учун мўлжалланган молиявий имтиёзлар, кредит ажратиш тартиб-қоидалари, ёш тадбиркорларнинг илк бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Бугунги кунда университет таркибида 5 та факультет ва 21 та кафедра фаолият олиб бормоқда. 2025-2026 ўқув йилида кундузги ва сиртқи таълим йўналишларида 25 та бакалавриат ҳамда 22 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда.
– Жорий ўқув йилида олийгоҳимизни 1736 нафар талаба битириши кутилмоқда, – дейди университет ректори Б.Мардонов. – Уларни меҳнат бозорига интеграция қилиш ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида вилоят миқёсида меҳнат ярмаркалари ҳамда касб кўргазмаларини ўтказиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларда битирувчиларимиз фаол иштирок этиб, малакасига мос иш ўринларига жойлашишига кўмаклашилмоқда. Шу билан бирга, иш берувчи ташкилотлар билан бевосита учрашувлар ташкил этилиб, амалий ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ҳозирги кунга келиб, 1111 нафар битирувчининг бандлиги таъминланган бўлса, улардан 729 нафари доимий иш билан банд.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган битирувчи талабаларни саралаб олиш, уларнинг тадбиркорлик бўйича кўникмаларини шакллантириш, бизнес режаларини тайёрлашларига кўмаклашиш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилоят филиали масъуллари билан биргаликда “Келажакка қадам” дастури доирасида иш олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида 2025-2026 ўқув йилида 37 нафар талабага бизнес режаларини амалга оширишлари учун 935 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.
Учрашувда “Келажак тадбиркори” лойиҳаси доирасида олий таълим муассасалари битирувчилари ва ёшларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш ҳақида маълумот берилди.
[gallery-29221]
– Банкимиз томонидан ўзини ўзи банд қилган ва бизнесга илк қадам қўймоқчи бўлган битирувчи талабалар ва ёшлар учун “Тадбиркорликка илк қадам” деб номланган кредит йўналишимиз мавжуд, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ “Келажакка қадам” бўлими бошлиғи Шоҳзамон Эркинов. – Бунда ёшларга 20 миллион сўмгача кредит ажратилиб, имтиёзли давр 6 ой қилиб белгиланган. Суғурта полиси учун тўлов кредит суммасидан чегириб қолинади. “Бизнес старт” кредит портфелимиз эса зарур бизнес кўникмаларига эга, тадбиркорлик субъекти сифатида мустақил бизнес бошламоқчи бўлган ёшлар учун ажратилади. Шунингдек, тадбиркор сифатида мустақил бизнес бошлаган ва фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилган талаба ёшларга “Бизнес прогресс”, 31 ёшга тўлмаган талаба ва ёшларни иш билан таъминлаган тадбиркорлар учун “Талаба инвест” каби кредит портфелларимиз мавжуд.
– Бугунги учрашув биз талабалар учун ҳар томонлама фойдали бўлди, – дейди университет талабаси Мадинабону Тойирова. – Мен келгусида Конимех туманида ўқув маркази очишни режалаштирганман. Унда инглиз тили, математика, ҳуқуқ ва тарих фанлари чуқур ўргатилади. Тадбирда ўқув маркази очиш ва унинг фаолиятини олиб боришда банк кредитларидан фойдаланиш, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси томонидан кўрсатиладиган амалий ёрдам тўғрисида маълумотларга эга бўлдим.
Учрашувда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари