Нукусда тун-у кун хизмат кўрсатувчи кўчалар янги қиёфа касб этди
Нукус шаҳрида замонавий инфратузилмани шакллантириш, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг сентябрь ойида шаҳардаги 24/7 тартибида хизмат кўрсатувчи кўча янгиланган қиёфада қайта иш бошлади.
Шаҳарнинг Ғаресизлик, С.Камолов ва Ғ.Шеразиева кўчаларида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари натижасида аҳоли ва меҳмонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, савдо ва кўнгилочар масканларнинг туну кун фаолият юритиши учун зарур шароит яратилди.
Лойиҳа ижросига 2,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, кўчаларнинг 2,5 километрлик қисми таъмирланди. Пиёдалар йўлаклари барпо этилиб, замонавий ўриндиқлар, чиқинди қутилари ҳамда қуёш энергиясида ишловчи тежамкор ёритиш мосламалари ўрнатилди.
Муҳандислик-коммуникация тармоқларини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ёмғир сувларини оқизиш ва уларнинг тўпланиб қолишига йўл қўймаслик мақсадида 1,5 километр узунликда янги тармоқ барпо этилиб, мавжудлари модернизация қилинди.
[gallery-32695]
Эътиборлиси, яратилган имкониятлар ишбилармонлик муҳитининг янада яхшиланишига хизмат қилмоқда. Ҳудудда 8 та янги тадбиркорлик субъекти иш бошлаган бўлса, яна 10 таси фаолиятини кенгайтирди. Натижада 75 та янги иш ўрни яратилди.
Мазкур лойиҳа шаҳарнинг туристик жозибадорлигини ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудуднинг меъморий қиёфасини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео), ЎзА