Бишкекдаги Ўзбекистон ташаббуслари: Марказий Осиёдан Евроосиёгача бўлган ҳамкорлик архитектурасига тамал тоши бўлди
Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилиши ва «ШҲТ плюс» форматидаги мулоқот бўлиб ўтди.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Зумрад Бекатова шу ҳақда муносабат билдирди:
– Мазкур йиғилиш ва мулоқотни бир қарашда икки хил майдон, икки хил кун тартиби сифатида кўриш мумкин. Аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу икки майдондаги нутқларини мазмунан бир-бирига боғлайдиган жуда муҳим стратегик ғоя бор. Бу – ШҲТни бугунги ташкилот сифатида эмас, балки эртанги дунёдаги таъсирчан ҳамкорлик архитектурасининг муҳим бўғини сифатида кўриш ғоясидир.
ШҲТ ташкил топганига 25 йил тўлган бир паллада Ўзбекистон Президенти ташкилотнинг ўтган йўлини сарҳисоб қилиш билан чекланмади. Аксинча, унинг олдига принципиал савол қўйди: кейинги 15 йилда ШҲТ қандай ташкилот бўлиши керак?
Шу маънода, «ШҲТ - 2040: умумий тараққиёт макони» концепциясини ишлаб чиқиш ташаббуси оддий бир навбатдаги таклиф эмас. Бу – ташкилотни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган стратегик қадамдир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бундай маконда инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиши, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошиши, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар кенгайиши керак.
Бу ерда энг муҳим жиҳат – ШҲТ кун тартибининг хавфсизликдан тараққиётга, мулоқотдан амалий лойиҳаларга қараб кенгайиб бораётганидир. Бугун дунёда геосиёсий бўлинишлар, ишонч тақчиллиги, савдо ва технологик рақобат кучайиб бораётган бир шароитда мамлакатлар учун энг катта ресурс – бу ҳамкорликнинг ўзи. Президентимиз айнан шу нуқтага урғу бериб, ШҲТ давлатларининг улкан инсоний, табиий, ишлаб чиқариш ва интеллектуал салоҳияти, аввало, халқлар фаровонлигига хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.
Эътиборли жиҳат: Ўзбекистон тайёр механизмларни эмас, янги механизмларни таклиф қилди. Президентимизнинг нутқида илгари сурилган ташаббуслар рўйхатига назар ташласак, буни яққол кўриш мумкин. Хусусан, ШҲТ Саноат кооперацияси харитаси; ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга тушириш; транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма бўйича устувор лойиҳалар портфелини шакллантириш; сунъий интеллект бўйича ҳамкорлик; ШҲТнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини яратиш; Тошкентда сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форум ўтказиш; сув ва энергетика самарадорлиги бўйича технологик ҳамкорлик; Халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш.
Буларнинг ҳар бири алоҳида ташаббусдек кўринса-да, уларни бирлаштириб турган битта мантиқ бор: ШҲТни қарорлар қабул қиладиган майдондан – натижа яратадиган майдонга айлантириш. Бугун Ўзбекистонда ШҲТ давлатлари билан 1,5 мингдан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилаётгани ҳам бу ёндашувнинг амалий асоси борлигини кўрсатади.
«ШҲТ плюс»: географияси эмас, ҳамкорлик фалсафаси кенгаймоқда. Президентимизнинг иккинчи нутқида эса ушбу қараш янада юқори — глобал даражага кўтарилди. «ШҲТ плюс» форматида БМТнинг марказий ва мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиш зарурлиги таъкидлангани жуда муҳим сиёсий позициядир. Чунки, Ўзбекистоннинг ёндашуви бир ташкилотни бошқасига қарши қўйиш эмас, балки уларнинг имкониятларини бир-бирини тўлдиришига эришишдан иборат.
Яъни, ШҲТ – БМТга муқобил эмас; минтақавий тузилмалар эса глобал институтларнинг саъй-ҳаракатларини кучайтирувчи шерик бўлиши керак.
Бу – янги кўп қутбли дунёга нисбатан Ўзбекистоннинг прагматик ва мувозанатли қарашидир.
Президентимиз жуда аниқ бир мезонни белгилаб берди: биз тарафдор бўлган кўп қутблилик янги ажратувчи чизиқларни яратмаслиги, аксинча, имкониятлар маконини кенгайтириши керак. Минтақавий лойиҳалар бир-бири билан рақобатлашмасдан, бир-бирини тўлдириши лозим.
Менимча, икки нутқнинг энг катта сиёсий аҳамияти ҳам шунда.
Биринчи нутқ – «ШҲТ ичида қандай ҳамкорлик қиламиз?» деган саволга жавоб бўлса, иккинчи нутқ – «ШҲТ дунёда қандай ўрин эгаллайди?» деган саволга жавобдир.
Ўзбекистоннинг ёндашуви — очиқлик, боғлиқлик ва амалий натижа. «ШҲТ плюс» доирасида Президент минтақавий ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик тармоғини яратиш, «яшил» энергетика, рақамли хизматлар, соғлиқни сақлаш ва табиатдан фойдаланиш соҳаларида технологиялар ва лойиҳаларнинг Очиқ банкини шакллантиришни таклиф қилди.
Иқтисодиётга келганда эса ёндашув янада аниқ: бизнес натижани ҳис қилиши керак. Бозорларга кириш осонлашиши, трансчегаравий йўлаклар ишлаши, инвестициялар оқими кўпайиши лозим. Шу мақсадда «ШҲТ Инвест» форумини доимий ишлайдиган платформага айлантириш таклифи илгари сурилди.
Бу – ташқи сиёсатдаги энг муҳим тенденциялардан бирини кўрсатади:
Ўзбекистон дипломатияни иқтисодий имкониятга, минтақавий мулоқотни эса аниқ лойиҳа ва инвестицияга айлантириш тарафдори.
Яна бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим. Президент ШҲТнинг географик ва стратегик ўзаги Марказий Осиё эканини алоҳида қайд этди. Бу минтақамиз учун катта имконият билан бирга, катта масъулият ҳамдир. Чунки транспорт йўлаклари, энергетика, сув, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамли инфратузилма, саноат кооперацияси ва Афғонистон масаласи – буларнинг барчаси Марказий Осиёнинг умумий тараққиёт манфаатлари билан бевосита боғлиқ.
Шунинг учун ШҲТ доирасида илгари сурилаётган ташаббуслар Ўзбекистон учун фақат ташқи сиёсат масаласи эмас, балки миллий иқтисодиёт, янги бозорлар, инвестициялар, технологиялар, транспорт имкониятлари ва инсон капитали учун ҳам янги эшиклар демакдир.
Яна бир рамзий ташаббус – Хива. «ШҲТ плюс» маданиятлар ва цивилизациялар доимий форумини Хивада ўтказиш таклифи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу ерда Ўзбекистон ўзининг тарихий-маданий салоҳиятини халқаро мулоқотнинг замонавий инструментига айлантиришга интилмоқда. Илм-фан ва маърифатнинг қадимий маркази бўлган Хива нафақат тарихни намойиш этадиган шаҳар, балки турли цивилизациялар ўртасида мулоқот қуриш мумкин бўлган замонавий майдон сифатида таклиф этилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида маданий дипломатиянинг иқтисодий ва сиёсий дипломатия билан уйғунлашиб бораётганини кўрсатади.
Бизнингча, Бишкекдаги икки нутқни бир жумлага жамласак, уни шундай ифодалаш мумкин: Ўзбекистон ШҲТнинг бугунги натижаларини баҳолаш билан чекланиб қолмаяпти – унинг эртанги қиёфасини шакллантиришда фаол иштирок этмоқда.
«ШҲТ - 2040» – ташкилотнинг узоқ муддатли тараққиёт концепцияси. «ШҲТ плюс» – ташкилотнинг минтақалар ва халқаро ташкилотлар билан очиқ мулоқот платформаси. Транспорт, саноат, инвестиция, сунъий интеллект, энергетика, сув, иқлим, таълим ва маданият – унинг амалий йўналишлари.
Буларнинг барчаси бир нуқтада туташади: тинчлик – тараққиёт учун, тараққиёт – инсон фаровонлиги учун хизмат қилиши керак. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекдаги икки нутқи Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсатини яна бир бор намоён этди: қарама-қаршиликлардан эмас, боғлиқликдан; ёпиқ блоклардан эмас, очиқ ҳамкорликдан; декларациялардан эмас, амалий натижалардан манфаатдор бўлган ташқи сиёсат.
Сенатор сифатида мен бу ташаббусларнинг энг муҳим жиҳатини шунда кўраман: Ўзбекистон ўз миллий манфаатларини минтақавий ва глобал манфаатлар билан уйғунлаштирган ҳолда, янги дунё тартиботида ўзининг фаол ва конструктив ўрнини белгилаб бормоқда.
Бишкекда янграган ташаббуслар – бу шунчаки навбатдаги дипломатик таклифлар эмас. Бу Марказий Осиёдан бошланиб, кенг Евроосиё маконига туташадиган янги ҳамкорлик архитектурасига қўшилаётган Ўзбекистон ҳиссасидир.
Н.Абдураимова, ЎзА