Биржада коррупцияга йўл қўйилмайди
Бугун "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси"нинг марказий офисида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.
Мазкур ташкилот мутахассислари ва журналистлар иштирок этган тадбирда сўнгги йилларда биржа савдолари бўйича очиқликни, шаффофликни ва ошкораликни таъминлашга қаратилган чоралар хусусида сўз юритилди.
Ўзбекистоннинг янгиланган сиёсати жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, замонавий давлат бошқарувини жорий этиш ва давлат хизматида коррупцияга қарши қатъий муросасизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган.
Шундан келиб чиқиб, тадбирда коррупциянинг олдини олиш, тарғибот ва таълим коррупцияга қарши курашишдаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.
[gallery-20719]
“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ комплаенс назорат ва ахборот хавфсизлиги бош бошқармаси бош мутахассиси Улуғбек Пўлатовнинг қайд этишича, мазкур ташкилотда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш борасида самаралари натижаларга эришилган.
–Бугунги кунда ушбу соҳада ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, коррупция кўринишларининг оқибати билан эмас, балки уни келтириб чиқараётган сабабларни ва шарт-шароитларни бартараф этишга асосий эътибор қаратилгани ўз самарасини беряпти. Шунингдек, сўнгги йилларда биржа савдолари бўйича очиқликни, шаффофликни ва ошкораликни таъминлашга қаратилган чоралар кўрилмоқда. Шу тариқа, "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси"нинг фаолияти ISO 37001:2016 халқаро стандартлари талабларига тўлиқ жавоб беради. Биржа нафақат бозор иқтисодиётининг муҳим инфратузилмаси, балки яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши самарали кураш воситаси сифатида ҳам аҳамиятга эга. Шаффофлик ва ошкоралик замонавий IT-технологиялар ёрдамида барча савдо тизимларида, онлайн-аукционларнинг ҳар бир босқичида таъминланмоқда, –деди У. Пўлатов.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА