Биржа савдоларида шаффофлик таъминланмоқда
Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси ташаббуси билан Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган ОАВ вакиллари учун “Биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ва биржада шаффофликни таъминлаш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, бутун жаҳонда бўлгани каби мамлакатимизда электрон биржа савдолари борган сари ривожланиб бормоқда ва бу борада янги электрон хизмат турлари, мобил иловалар ишлаб чиқилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг бошидан буён биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида жами 6,6 триллион сўмлик 163 мингдан зиёд битимлар тузилган. Тузилган битимларнинг ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 маротабага ўсган.
Давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг маблағлари тежалиши 2022 йилга нисбатан 1,3 маротабага ўсиб, 1,1 триллион сўмни ташкил қилган.
Матбуот анжумани давомида Ўзбекистон республикаси товар-хом ашё биржасининг PR бўлими бошлиғи Ҳикматулла Тиллабоев томонидан тақдимот ўтказилди ва унда биржанинг вилоят филиали фаолияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди ҳамда маҳаллий тадбиркорларнинг биржа савдолари ва онлайн аукционларда иштирок этиш тартиблари тушунтирилди.
[gallery-11176]
Маълумот ўрнида, Биржанинг вилоят филиалида бугунги кунда марказий савдо залидан ташқари жами 20 та савдо майдончалари, 127 та брокерлик идоралари ва 256 та трейдерлар фаолият юритади.
Жорий йилнинг бошидан буён ушбу филиалда ўтказиладиган электрон савдолар натижасида жами 2 триллион сўмлик битимлар тузилган бўлиб, бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 маротабага кўпдир. Жумладан тузилган битимларнинг қарийб 90 фоизи биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
Тадбир доирасида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан батафсил жавоб олди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат)
ЎзА