Бирлашиб, буюк тарих яратамиз
Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда унинг Сирдарё вилояти бўлими ҳамкорлигида «Маърифат карвони» лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари — юридик фанлари доктори, профессор Феруза Мухитдинова, иқтисод фанлари номзоди Обиддин Маҳмудов, фалсафа фанлари доктори, профессор Жалолиддин Юсупов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Хаитов, нуронийлар, туман ва шаҳар ташкилотлари ҳамда вилоят ташкилотларининг маънавият йўналишига масъул ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқига шарҳ сифатида Республика Маънавият ва маърифат маркази Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти олим ва тадқиқотчилари томонидан тайёрланган «Бирлашиб, буюк тарих яратамиз!» китобининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка таништирилди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон тараққиётининг бугунги босқичи янги тафаккур, юксак маънавият, ватанпарварлик ва халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятига таянади. Шу боис жамиятда маърифат ва дахлдорлик туйғусини, миллий қадриятларга ҳурматни мустаҳкамлаш, айниқса, ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида нашр этилган «Бирлашиб, буюк тарих яратамиз!» китобида давлат раҳбарининг байрам тантанасидаги нутқида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар таҳлилий материаллар асосида ёритилган. Нашрнинг бош ғояси Президент нутқидаги «Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!» деган эзгу даъватга уйғунлашган.
[gallery-31457]
Китобдан «Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт маркази», «Буюк истиқлолнинг уч минг йиллик илдизлари», «Инсон қадри учун» ғояси давлат сиёсати марказида», «Янги авлод мутахассислари», «Фазони забт этаётган ўзбеклар», «Халқнинг умри узаймоқда», «Бебаҳо меросга муносиб ишлар», «Эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи», «Ўзбек халқи тараққиётнинг мутлақо янги даврига кирмоқда», «Нутқнинг бош ғоялари ва тарбиявий-маънавий аҳамияти», «Халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашди» каби мақолалар ўрин олган.
Уларда мустақиллик йилларида эришилган натижалар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва мамлакатимиз олдида турган устувор вазифалар турли нуқтаи назардан таҳлил қилинган.
Жумладан, Президент нутқида Ўзбекистон мустақиллигининг тарихий илдизлари 1991 йил билан чекланмаслиги, балки уч минг йилдан зиёд давлатчилик анъаналари ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалиши қайд этилган. Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари буюк алломалар мероси, Амир Темур давлатчилиги, жадид боболаримизнинг миллий озодлик ва ҳуррият йўлидаги орзу-интилишлари бугунги тараққиётимиз учун муҳим маънавий пойдевор сифатида талқин этилган.
Нашрда «Инсон қадри учун!» ғоясининг давлат сиёсати марказига олиб чиқилгани, унинг амалий ифодаси сифатида инсоннинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаш, аҳоли дардини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш, маҳаллабай ишлаш тизимини такомиллаштириш, таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳам атрофлича ёритилган.
Шунингдек, мамлакат тараққиёти учун замонавий билим ва касбларни эгаллаган, мустақил фикрлайдиган янги авлод мутахассисларини тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Таълим сифатини ошириш, ёшларни хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш, илм-фан, ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва креатив иқтисодиётни ривожлантириш келгуси тараққиётнинг муҳим омиллари сифатида кўрсатилган.
Китобда келгуси ўн йилликда миллий юксалишни таъминлашга қаратилган устувор вазифалар ҳам таҳлил этилган. Хусусан, таълим ва малака, аҳоли саломатлиги, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт, сув ва экология, қонун устуворлиги, маҳалла тараққиёти, шунингдек, Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри сифатидаги нуфузини янада юксалтириш каби йўналишларга эътибор қаратилган.
Тадбир давомида китобда илгари сурилган ғояларнинг мазмун-моҳияти ва уларнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти хусусида фикр алмашилди. Иштирокчилар таҳлилий материаллар билан танишиб, Президент нутқида белгиланган вазифаларни аҳоли, айниқса, ёшларга етказишнинг самарали усуллари юзасидан мулоҳазалар билдирди.
— «Бирлашиб, буюк тарих яратамиз!» ғояси бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини англаш, юртимизнинг тараққиёт йўлини тўғри баҳолаш ва келажак олдидаги масъулиятни ҳис этишга ундайди. Айниқса, мазкур китобда тарихий тараққиёт босқичлари, бугунги ислоҳотлар ва келгуси стратегик вазифалар таҳлилий ҳамда инфографик материаллар асосида ёритилгани унинг маънавий-маърифий аҳамиятини янада оширади, — дейди «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жалолиддин Юсупов.
Тарғибот тадбири давомида туман ва шаҳарларда лойиҳани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тарғиботчиларга махсус методик кўрсатмалар берилди. Маънавий-маърифий тадбирларни аҳоли ва ёшларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мазмунли ташкил этиш, жойларда Президент нутқида илгари сурилган стратегик ғоя ва ташаббусларни манзилли тарғиб қилиш юзасидан амалий тавсиялар тақдим этилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА