Бир Ватан — бир дил, бир мақсад
Яхши ниятлар одамларни яқинлаштиради, эзгу мақсадлар эса қалбларни бирлаштиради. Айниқса, нуронийлар дуоси ва ёшлар шижоати бир жойда уйғунлашса, бу нафақат бир тадбир, балки авлодлар ўртасидаги маънавий кўприкка айланади.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Президентимиз ташаббуси асосида илгари сурилган “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” эзгу ғояси остида юртимизнинг турли ҳудудларида нуронийлар ва ёшлар иштирокидаги учрашувлар, дўстлик ва тажриба алмашувига қаратилган тадбирлар кенг қулоч ёзмоқда. Ана шундай эзгу ташаббус доирасида Бухоро вилояти Олoт туманидан нуронийлар ва ёшлар Ғиждувон туманига ташриф буюрди. Уларни қадимий ва бой тарихга эга Гиждувон заминидаги Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳида туман нуронийлари, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари катта тантана ва кўтаринки кайфият билан кутиб олишди. Бу манзаранинг ўзидаёқ бир ҳақиқат намоён бўлди: Ватан битта бўлса, унинг фарзандлари ҳам бир-бирига бегона эмас.

Ташриф давомида олотлик меҳмонлар Ғиждувоннинг ўзига хос тарихи, маданияти ва бугунги тараққиёт йўли билан яқиндан танишди. Жумладан, Нуронийлар маскани, Кулолчилик мактаби, Қўрғон туризм маҳалласи, Маданият маркази ҳамда Маънавият ва маърифат марказида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, миллий ҳунармандчилик анъаналари, туризм салоҳияти, маънавий-маърифий йўналишдаги лойиҳалар ҳақида маълумотлар олишди. Айниқса, асрлар давомида шаклланган Ғиждувон кулолчилик мактаби намуналари меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Зеро, ҳунармандчилик — оддий касб эмас, у халқнинг хотираси, тарихи ва дунёқарашини авлоддан-авлодга етказиб келаётган тирик меросдир.

Бу учрашувлар жараёнида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул”, “Китобхонлик оиладан бошланади”, “Миллий қадриятлар ва урф-одатлар бунёдкорлар талқинида” каби йўналишларда самимий мулоқотлар ва тажриба алмашувлари ўтказилди.
Тадбирнинг энг таъсирчан жиҳати нуронийлар ва ёшларнинг бир даврада жам бўлгани бўлди.
Зеро, нуронийлар — ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрган, йиллар синовидан ўтган тажриба эгасидирлар. Ёшлар эса юртнинг бугунги куч-қудрати ва эртанги таянчидир.

Уларнинг мулоқоти орқали ҳаётий тажриба ёшларга, ёшларнинг ғайрат-шижоати эса нуронийларга етиб боради. Шу тариқа авлодлар ўртасидаги узвийлик, маънавий ворисийлик янада мустаҳкамланади.
Айниқса, китобхонлик, миллий қадриятлар, оила тарбияси, Ватанга садоқат каби мавзулардаги суҳбатлар ёш авлодни миллий руҳ ва эзгу мақсадлар сари йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ташриф якунида фаол иштирок этган меҳмонларга Ғиждувон тумани ҳокими томонидан ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.

Бу оддий совға эмас, балки икки ҳудуд вакиллари ўртасидаги ҳурмат ва самимий дўстликнинг рамзий ифодаси бўлди.
Ташриф сўнггида эса анъаналаримизга мувофиқ бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурилди. Меҳмонлар ўз санъат ва ижод намуналарини намойиш этишди. Куй-қўшиқлар, самимий дил сўзлари ва самимий табассумларга бой давра халқимизга хос меҳмондўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини яна бир бор намоён этди.
Бир пиёла чой атрофида кечган бу оддийдек кўринган суҳбат аслида катта маъно касб этди: турли ҳудудларда яшасак-да, қалбимиздаги Ватан битта, орзу-мақсадларимиз муштарак.
Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган бундай тадбирлар Президентимиз томонидан илгари сурилаётган халқни бирлаштириш, маҳалла ва оилаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, нуронийларнинг ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш ва ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.

Олот ва Ғиждувон вакилларининг ушбу учрашуви ҳам ана шу юксак мақсадларни ўзида мужассам этди. Чунки Ватан тараққиёти фақат янги бинолар ёки замонавий иншоотлар билан эмас, аввало, бир-бирини қадрлайдиган, тарихини унутмайдиган, келажагига ишонадиган инсонлар билан таъминланади. Бугун нуронийлар ёшларга ўз ҳаётий сабоқларини берса, ёшлар ўз ғайрат ва шижоати билан уларнинг дуосини оқлашга интилади. Бу эса авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарни янада мустаҳкамлайди. Бир Ватан, бир халқ ва бир мақсад атрофида бирлашган юртнинг келажаги, шубҳасиз, буюк бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири