Бир ойлик ҳарбий хизмат керакми?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар томонидан бир ойлик ҳарбий хизмат керакми, у қанчалик ўзини оқлайди, деган саволлар кўтарилди. Ушбу саволга қўмита раиси Эркин Салихов шундай жавоб берди:
— Ҳарбий хизмат борасида муддатли ва сафарбарлик хизмат турлари бор. Яъни муддатли ҳарбий хизмат бу бир йиллик, сафарбарлик ҳарбий хизмат бир ойлик ҳисобланади. Бир ой давомида ҳам муайян малакага эга бўлиш мумкин. Қолаверса, бир ойлик ҳарбий хизматни ўтаганлар мамлакат Қуролли Кучлари резервига киритилади.
Дарҳақиқат, мудофаа ва хавфсизлик масалалари мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу борада парламент қуйи палатасидаги Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширадиган ишлари долзарб аҳамиятга эга.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, қўмита ўтган 2021 йил давомида норма ижодкорлиги йўналишида 25 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлди. Қўмита аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 2 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди.
Шунингдек, парламент назорати тадбирлари доирасида қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатини ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборотларини эшитиб боришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Жанубий-Ғарбий ҳарбий округ фаолияти назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Ҳарбий хизмат олдидан тиббий кўрикларни ташкил этиш бўйича Соғлиқни сақлаш ва Мудофаа вазирликларининг фаолияти юзасидан ахборотлари эшитилган. Унга қадар влоятларга чиққан ҳолда тиббий кўрикларни ташкил этиш ҳолати, яратилган шароитлар, шифокорларнинг салоҳияти ҳамда тиббий буюмлар ўрганилди.
Шунингдек, қўмита ташаббуси билан ички ишлар вазирига парламент сўрови юборилди. Қўмита аъзолари томонидан мансабдор шахсларга сайловчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан 48 та депутатлик сўрови жўнатилди.
Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунга кўра, қўмита номига келиб тушган 700 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
Матбуот анжумани савол-жавобларга бой бўлди. Журналистлар ҳарбий хизмат олдидан ўтказиладиган тиббий кўриклар ва ҳарбий хизматга юборишдаги коррупцион ҳолатлар, жазони ижро этиш муассасаларидаги шарт-шароит ва маҳкумларнинг мурожаатлари билан боғлиқ қатор саволларига батафсил жавоблар олдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА