Бир муаммони ечиш билан тўрт масала ҳал бўлди
Самарқанд вилоятидаги адлия тизими органлари жойларга чиққан ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиб, уларни жойида ҳал қилмоқда. Шу билан бирга аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Самарқанд туман адлия ва ФҲДЁ бўлимлари томонидан фуқаролар билан маҳаллабай ишлаш мобайнида туманнинг Қавчинон маҳалласида яшовчи Г.Воҳидова оилавий шароити оғирлиги сабабли икки нафар фарзанди учун туғилганлик гувоҳномаси ололмагани аниқланди. Бунинг оқибатида фуқаро фарзандларини давлат мактабгача таълим ташкилотига жойлаштиришда муаммоларга дуч келган.
Ўрганиш давомида фуқаронинг аризаси олиниб, туман адлия бўлими ҳамда ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан унга амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада 2018 йил ва 2020 йилда туғилган фарзандларининг туғилганлиги расман қайд қилиниб, гувоҳномалар берилди. Болалар композит хизмати доирасида бир йўла ота-онасининг доимий яшаш манзилига ҳамда поликлиникага рўйхатга қўйилиб, мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйилди. Шу тариқа фуқаронинг тўрт идора эшигига бориши ва сарсон бўлиши олди олинди.
Маълумотларга кўра, Самарқанд тумани адлия бўлимига жорий йил бошидан буён келиб тушган 60 га яқин мурожаат ҳам адлия аралашуви билан ўз ечимини топган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА