Бир гуруҳ тизим ходимлари тақдирланди
Маҳалла тизимида меҳнат қилиш ўзига хос фидойилик ва заҳматли ёндашувни талаба этади. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасида бир гуруҳ тизим ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда соҳада фидокорона меҳнат қилаётган, тизим ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ходимларнинг фаолияти алоҳида эътироф этилди.

Хусусан, Уюшмада самарали фаолият юритиб келаётган Хуршид Очилов, Баҳодир Шойимов, Маҳбуба Мираҳмедова, Жобир Асқаров, Баҳром Кушбаков ҳамда Жамшид Назарбоевга кўп йиллик самарали меҳнати, тизим тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси ва жамоатчилик орасидаги фаоллиги учун “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонлари топширилди.

Шунингдек, Халқаро оила куни муносабати билан мамлакатимизда ўтказилган танлов доирасида бир қатор ибратли оилалар саралаб олинган эди. Улар орасида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъул ходими Исломиддин Ҳолиқовлар оиласи ҳам Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг “Ибратли оила” кўкрак нишонига муносиб деб топилди ҳамда тантанали равишда тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида Уюшма раиси Қаҳрамон Қуронбоев мукофотланганларнинг меҳнатини юксак қадрлаб, уларнинг келгусидаги фаолиятига улкан муваффақиятлар тилади.
Н.Усмонова,
ЎзА