“Ёшлар овози” — истеъдодларни кашф этаётган катта саҳна
ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизда ёшларнинг иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай йирик лойиҳалардан бири — “Ёшлар овози” танлови бўлиб, у кўплаб ёш истеъдод эгалари учун катта саҳнага йўл очмоқда.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилаётган мазкур танлов ёшларнинг санъат ва ижодга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг иқтидорини намоён этиш ҳамда янги истеъдодларни кашф этишда муҳим майдонга айланмоқда.
[gallery-29513]
“Ёшлар овози” танловининг Наманган вилояти босқичи ҳам юқори савияда ташкил этилди. Унда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 150 нафардан ортиқ ўғил-қиз иштирок этиб, ўз ижодий маҳоратини намоён қилди. Маҳалла, сектор ҳамда туман-шаҳар босқичларида ғолиб бўлган иштирокчилар вилоят босқичида бир саҳнада жам бўлиб, санъатга бўлган меҳри ва ижодий салоҳиятини кўрсатди.
Танлов жараёнида иштирокчилар миллий ва замонавий қўшиқлар ижроси, саҳна маданияти ҳамда ижодий ёндашувлари билан ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, ёшларнинг саҳнадаги ишончи, пухта тайёргарлиги ва ижодга интилиши беллашувнинг қизғин ва муросасиз руҳда ўтишига хизмат қилди.
“Ёшлар овози” нафақат иқтидорларни кашф этаётган, балки ёшларни эзгу мақсадлар сари руҳлантириб, уларни бирлаштираётган муҳим лойиҳа сифатида ҳам аҳамият касб этмоқда. Бундай танловлар орқали эртанги кун санъаткорлари ва ижодкорлари камол топаётгани қувонарлидир.
Шубҳасиз, “Ёшлар овози” саҳнасида порлаётган ёш истеъдод эгалари келгусида мамлакатимиз маданияти ва санъати ривожига муносиб ҳисса қўшадиган ижодкорларга айланади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА