Бир гуруҳ фаол тадбиркорлар тақдирланди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Тадбиркорлар куни муносабати билан бир гуруҳ ташаббускор тадбиркорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва бу борада қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг аҳамиятини кенг турда таъкидлаб ўтди.
Жорий йил 18 август куни Хива шаҳридаги “Конгресс-холл” мажмуасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида қайд этилганидек, беш йил олдин тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш анъанаси йўлга қўйилганидан буён бизнес ривожига тўсиқ бўлган минглаб масалаларга ечим топилди. Бу борада 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилинди.

– Тўғрисини айтганда, илгари одамлар тадбиркор бўлишга қўрқарди. Чунки кредит олишдаги оворагарчиликлар, ўринсиз текширувлар, бўлмағур ҳисоботлар уларни қийнаб юборган эди. Бугунги кунда тадбиркор бўлиш катта шараф. Чунки Президентимиз томонидан уларга барча шароитлар яратиб берилмоқда. Айниқса, қорақалпоғистонлик тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар барчага куч-қувват бағишламоқда. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхонамизда 70 нафардан ортиқ киши доимий иш билан таъминланган. Келгусида берилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишни режалаштиряпмиз, – дейди Нукус шаҳридаги “Nukus evro stroy” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби Азат Шимбергенов.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлар ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицион жозибадорликни ошириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Қисқа вақт ичида янги-янги объектлар ишга туширилиб, йирик ҳажмдаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Байрам тадбирида Президентимизнинг фармони асосида мукофотланган тадбиркорларга “Шуҳрат” медали ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Бундан ташқари, Жўқорғи Кенгес Президиуми қарори билан бир қатор тадбиркорлар кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири