Бир байроқ остида бирлашиб
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остидаги байроқ эстафетаси Самарқандда давом этди.
11 ноябрда Нукус, Термиз ва Андижон шаҳарларидан уч йўналишда бошланган ва Тошкент шаҳри сари йўл олган байроқ эстафетасининг жанубий йўналишидаги улкан байроқ кеча Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қашқадарёликлардан қабул қилиб олинганди.
Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ходимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари тантанали юриш билан байроқни Самарқанд шаҳри сари олиб келди.
Бугун эрталаб Давлат байроғи Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони узра кенг ёйилди. Сўнгра ҳарбий хизматчилар томонидан вилоят ва шаҳар жамоатчилиги ҳамда “Ватанпарвар автокарвони” ҳамроҳлигида Регистон кўчаси ва Университет хиёбонидан олиб ўтилиб, Кўксарой майдонига келтирилди.
[gallery-32524]
– Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи – мустақиллигимиз, ғуруримиз ва бирлигимиз тимсоли, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Холбек Кўбаев. – Уни баланд кўтариш, унга ҳурмат кўрсатиш ҳар биримиз учун шараф, ҳам юксак масъулиятдир. Турли соҳа вакиллари, жумладан, ҳарбийларимиз ва кенг жамоатчиликнинг мазкур тадбирлардаги фаол иштироки ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини сингдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Аслида ҳам мазкур тадбирдан кўзланган мақсад, барчамизни бир байроқ остида бирлаштириб, она Ватанимизга бўлган муҳаббат ва садоқатимизни, миллий ғурур ва ифтихоримизни янада кучайтиришдир.
Эстафета байроғи Жомбой ва Булунғур туманларидан олиб ўтилиб, куннинг иккинчи ярмида Жиззах вилояти вакилларига тантанали равишда топширилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари