Бир асрнинг буюк икки даҳоси
“Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши томонидан Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
– Интеллектуал ўйин ёшларимизнинг аждодларимиз томонидан қолдирилган илмий-ижодий меросга эътиборини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилди, – дейди партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Муслима Рўзиева. – Шунингдек, Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, маънавий меросининг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти, улуғ шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо мероси ва асарларидаги комил инсон ғоясининг ўзига хос талқини ёш авлодни тарбиялашда дастуриламал бўлмоқда. Бобокалонларимизнинг асарлари мазмуни теранлиги, ҳаётийлиги боис, асрлар ўтса ҳамки ўз аҳамиятини йўқотмай, инсониятни ҳайратга солиб келмоқда.

Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтининг фаол ва ташаббускор 14 жамоадан иборат ёшлари бир асрнинг икки даҳоси бўлган буюк аждодларимиз ҳаёти, ижоди билан боғлиқ саволлар юзасидан ўзаро баҳслашди. Ҳар бир жараён Ҳакамлар ҳайъати томонидан холис ва одилона тарзда баҳолаб борилди. Қизиқарли тарзда кечган ўйин давомида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга партиянинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

“Адабиёт ва маърифат” ҳафталиги доирасида “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши “Аёллар қаноти” ҳамда Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаби ҳамкорлигида икки буюк сиймолар Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида “Назм ва наво” туркумидан маънавий-маърифий тадбир ҳам бўлиб ўтди.
Тадбир мактаб ўқувчилари томонидан чизилган икки буюк алломанинг суратлари улар қаламига мансуб китоблар кўргазмаси ҳамда Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймолари акс эттирилган образлар шунингдек, ўқувчи-ёшлар томонидан Навоий ва Бобур асарларига мансуб куйлар намойиши билан бошланди.

Тадбирда Санъат мактаби ўқувчи ҳамда ўқитувчилари томонидан Навоий ҳамда Бобур ғазаллари асосида басталанган қўшиқларнинг жонли ижроси ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётида содир бўлган воқелик асосида театрлаштирилган саҳна кўриниши кечага ўзгача файз бағишлади.
Тадбирда сўз олган партия вилоят Кенгаши раиси Махсуд Мухаммедов Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари теранлиги ҳамда бадиий юксаклиги билан башарият мулкига айлангани, икки улуғ мутафаккирларнинг ижод намуналари ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Мактаб жамоасига ажойиб тадбир, бетакрор дизайн ва саҳна кўринишлари ҳамда дилрабо куй-қўшиқлар, рақслар учун миннатдорлик билдирди. Партия вилоят Кенгаши номидан ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири