Бир аср – бир китоб: Қашқадарё фидойи фарзандлари ҳақидаги биринчи энциклопедия
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қарши давлат университетида давлат ва жамоат арбоби Саъдулла Бобоқулов муаллифлигидаги “Қашқадарёнинг фахрли фарзандлари” китоб-энциклопедиясининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида тайёрланган ушбу ноёб нашрда сўнгги бир асрдан ошиқ вақт мобайнида вилоятдан етишиб чиққан 600 дан ортиқ таниқли шахснинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар жамланган.
Китобда Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академиклар, Иккинчи Жаҳон уруши ва Афғон урушида жасорат кўрсатган жангчилар, меҳнат қаҳрамонлари, таълим, тиббиёт, адабиёт ва санъат, суд-ҳуқуқ, оммавий ахборот воситалари, қишлоқ хўжалиги соҳаларида эл эътирофига сазовор бўлган инсонлар ўрин олган. Шунингдек, собиқ тузум даврида қатағон жабрини чеккан шахслар, тадбиркорлар, спортчилар – халқ фаровонлиги йўлида заҳматли йўлни босиб ўтган, ҳаёт синовларини мардонавор енгиб, бошқаларга ибрат кўрсатган воҳадошлар ҳақидаги қомусий маълумотлар ҳам китобга киритилган.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, шу вақтгача айрим туман ва шаҳарларнинг машҳур кишилари ҳақида тўпламлар тайёрланган, лекин вилоят миқёсида бу қадар кенг мавзу ва даврни қамраб оладиган китоб чоп этилмаган эди. Ушбу тўплам – биринчиси.
[gallery-29283]
Бу китобнинг дунёга келиши тасодиф эмас. Унинг ортида йиллар давомида тўпланган архив ҳужжатлари, расмий ёзувлар, шахсий хотиралар ва авлоддан авлодга ўтиб келган маълумотлар ётибди.
Архив иши – бу шунчаки қоғозларни сақлаш эмас. Бу – халқнинг ўз тарихини келажакка етказиш масъулияти. Архивда сақланмаган ҳужжат – йўқолган тақдир. Қайд этилмаган исм – унутилган қаҳрамон. Шунинг учун ҳам бундай энциклопедиялар яратиш жараёнида архив ходимлари ролини ортиқча баҳолаш қийин: улар нафақат ўтмишни асрайди, балки келажак учун кўприк қуради.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, сенатор Комила Каромованинг таъкидлашича, Қашқадарёнинг фидойи фарзандлари шунчалик кўпки, уларнинг барчасини бир ёки икки жилдга сиғдириб бўлмади. Шунинг учун лойиҳа давомли бўлишига қарор қилинди – етарли маълумот тўпланмаган ёки фактлари аниқланишини талаб этадиган шахслар кейинги китобларда албатта ўз ўрнини олади.
Тақдимотда сўзга чиққанлар китоб-энциклопедиянинг аҳамияти, воҳа ривожига ҳисса қўшган заҳматкаш ва фидойи инсонлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этди. Иштирокчилар ушбу нашрни нафақат китоб, балки Қашқадарё халқининг ўзлигини англаш ва келажак авлодга етказадиган маънавий мерос сифатида эътироф этди.
Тарих – эслашни истаган халқлар учун яшайди.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА