Биотиббиёт: инсоният саломатлиги ва келажак тиббиётининг янги қирралари
Замонавий илм-фан ва техника тараққиёти инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юбораётган бир даврда, тиббиёт ва биология фанларининг ўзаро уйғунлашувидан дунёга келган биотиббиёт соҳаси ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Биотиббиёт биология, физиология ва биохимия ютуқларини амалий соғлиқни сақлашга татбиқ этган ҳолда, касалликларнинг келиб чиқиш механизмларини молекуляр ва ҳужайра даражасида ўрганишга ихтисослашган.
Анъанавий тиббиётдан фарқли ўлароқ, биотиббиёт нафақат касалликни даволашга, балки унинг туб сабабларини бартараф этиш ва олдини олишга қаратилган. Бугунги кунда ген муҳандислиги, ҳужайралар терапияси, нанотехнологиялар ва хусусий тиббиётнинг ривожланиши инсониятнинг илгари давосиз деб ҳисобланган хасталикларни енгишига катта умид уйғотмоқда.
Бугунги кунда бу каби илғор йўналишлар нафақат назария, балки халқаро миқёсдаги амалий интеграция жараёнлари билан ҳам бойимоқда. Жумладан, Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Польшанинг етакчи кластерларидан бири — "Klaster LifeScience Kraków" бош директори Казимеж Муржин ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Мазкур мулоқотда "BioPharma City" ва польшалик ҳамкорлар ўртасида кластерлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, биотехнология ҳамда ҳаёт фанлари соҳасида тажриба алмашиш ва илмий салоҳиятдан самарали фойдаланиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик (R&D) лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, олимлар ва мутахассислар ўртасида технологиялар трансферини кенгайтириш, Европа ҳамда Марказий Осиё бозорлари ўртасида янги алоқаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, биотиббиётнинг жадал ривожланиши фақатгина илмий ва иқтисодий ютуқлар билан чекланиб қолмай, балки у билан боғлиқ биоэтика, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик каби муҳим муҳокамаларни ҳам кун тартибига қўймоқда. Генетик ўзгартиришлар, сунъий интеллектнинг тиббиётга кириб келиши ва шахсий маълумотларнинг махфийлиги каби масалалар бугунги кун мутахассислари олдида янги масъулиятларни юклайди. Шу боис, биотиббиёт нафақат шифокорлар ва биохимиячиларнинг, балки бутун жамиятнинг эътиборида турган стратегик соҳа ҳисобланади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА