Биологик фаол қўшимчалар даволовчи хусусиятга эгами?
Сўнгги пайтларда интернет тармоғида қандли диабет ва унинг асоратларидан халос этиши ваъда қилинаётган биологик фаол қўшимчаларнинг рекламаси авж олмоқда.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, биологик фаол қўшимчалар инсон организмининг физиологик ҳолати барқарор бўлмаган ҳолларда унинг функционал фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган бўлиб, улар ҳеч қандай даволовчи хусусиятга эга эмас.
– Шифокорлик амалиётида биологик фаол қўшимчаларнинг “мўъжизавий” таъсирига ишониб, анъанавий даволаш усулларидан воз кечган, яъни инсулин қабул қилишни тўхтатган айрим беморларда бир неча кун ичида кетон таначалари пайдо бўлиши ва қанд миқдори ўта юқорилаб кетиши ҳолатлари кузатилган, – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Севара Фахрутдинова. – Оқибатда бемор гипергликемик кома ҳолатига тушиб қолиши мумкин.
Бундан келиб чиқадики, ижтимоий тармоқларда реклама қилинаётган биологик фаол қўшимчалар қандли диабетга чалинган беморларни даволашда самара бермаслиги билан бир қаторда, саломатликка жиддий хавф туғдириши мумкин.
Қолаверса, бундай маҳсулотлар рекламасида Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунининг айрим бандлари талаблари бузилиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Шундай экан, турли биологик фаол қўшимчаларни қабул қилишдан аввал албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқдир.
Маълумот учун, яқинда “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси томонидан аниқланган озиш учун мўлжалланган, реализация қилиш ва сақлаш тақиқланган маҳсулотларнинг рўйхати эълон қилинган эди.
М.Қосимова, ЎзА