“Биллур” маҳалласи замонавий қиёфа касб этди
Юнусобод туманидаги “Billur” маҳалласида “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари якунланиб, яратилган шароитлар аҳоли ихтиёрига топширилди.
Дастур доирасида маҳалланинг йўл ва муҳандислик инфратузилмаси янгиланиб, ҳудуд аҳоли учун янада қулай ва замонавий масканга айлантирилди. Хусусан, 1 400 квадрат метр ички йўл асфальтланди, 2 130 квадрат метр пиёдалар йўлагига брусчатка ётқизилди. Шунингдек, 2 380 метр янги бордюр ва 340 метр лотоклар ўрнатилди.
Маҳалла ҳудудида кечки вақтда хавфсиз ҳаракатланиш учун 44 та замонавий ёритиш устуни ҳам ўрнатилди.

Ободонлаштириш ишларида аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва спорт билан шуғулланиши учун ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Болалар учун 4 та замонавий ўйингоҳ, ёшлар учун универсал футбол майдончаси ҳамда воркаут майдончаси барпо этилди.
Маҳаллада маданий ҳордиқ чиқариш учун амфитеатр, фаввора ва 7 та шиёпонча ташкил қилинди. Кекса авлод вакиллари учун эса алоҳида “Нуронийлар маскани” барпо этилди. Ҳудуд бўйлаб 61 та ўриндиқ ва шунча чиқинди қутиси ўрнатилиб, аҳоли учун қулайликлар янада оширилди.


Лойиҳа доирасида маҳалланинг ташқи қиёфасига ҳам янгича тус берилди. Кўп қаватли уйларнинг 65 510 квадрат метрлик фасад қисми тўлиқ бўялиб, бинолар замонавий кўринишга келтирилди.
“Яшил макон” тамойили асосида 11 600 квадрат метр майдонга газон экилди. Уларни мунтазам парваришлаш мақсадида худди шу майдонда автоматлаштирилган суғориш тизими ишга туширилди. Шунингдек, ҳудудни сув билан таъминлаш учун янги артезиан қудуғи барпо этилди. Маҳаллага 180 туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари ҳам экилди.

Шу тариқа, “Billur” маҳалласида амалга оширилган ишлар натижасида нафақат ҳудуднинг ташқи қиёфаси янгиланди, балки аҳоли учун дам олиш, спорт билан шуғулланиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш имкониятлари ҳам кенгайди.
Маҳалладаги бундай ўзгаришлар аҳоли учун қулай ва обод муҳит яратиш, яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда фуқароларнинг розилигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар самараси бўлмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА