Билим сифатини ўстириш – энг муҳим масала
Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар олий таълим тизимида ҳам ўзининг ёрқин самараларини бермоқда.
Хўш, бу борада Сирдарё вилоятидаги Гулистон давлат университетида қандай ишлар амалга оширилмоқда? ЎзА мухбири шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида ушбу олийгоҳ ректори, профессор Мухсин Ходжиев билан суҳбатлашди.
– Суҳбатимизни Гулистон давлат университетида эришилган ютуқлар ва уларнинг омиллари билан бошласак. Айтайлик “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси борасида қандай ишлар амалга оширилди?
– Гулистон давлат университети ўз фаолиятини Президентимиз муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида ҳамда “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”да белгиланган вазифаларга асосан ташкил этиб келмоқда. 2019-2020 ўқув йилида университетда 8 та факультет, 25 та кафедрада 420 нафар профессор-ўқитувчи 13 минг 501 нафар талаба, 157 нафар магистрантга таълим бериб келмоқда.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида университетда тегишли “Йўл харита” ишлаб чиқилган ва 2020-2021 ўқув йилида босқичма-босқич унинг ижроси таъминлаб келинди. Жумладан: 2021 йил давомида ишлаб чиқариш соҳасидаги малакали мутахассислардан 15 нафари дарс жараёнларига, 21 нафари битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларига илмий раҳбарлик ҳамда маслаҳатчиликка жалб этилди. Иқтисодиёт тармоқлари талаблари асосида 9 та янги таълим йўналиши ва 10 та янги магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Қозон давлат Федерал университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида “Амалий психология” таълим йўналиши, Малайзиянинг “Бинарий” университети билан иқтисодиёт соҳасида магистрлар тайёрлаш ва М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети билан “Қозоқ тили ва адабиёти” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчилар сафига 65 нафар магистр-ёшлар жалб этилди.
2021-2022 ўқув йилидан бошлаб университетда янги “Тиббиёт” факультети ташкил этилмоқда, шу мақсадда бугунги кунда ёшларимиз “Даволаш иши” ва “Педиатрия” таълим йўналишларига ўқишга кириш имконига эга бўлди. Етакчи хорижий давлатлардан АҚШ, Германия, Россия, Малайзия, Белоруссия давлатларининг нуфузли ОТМларидан профессор-ўқитувчилар таълим жараёнига жалб этилди. Ўқув режаларида мавжуд фанлар буйича 90 та видеодарслар ишлаб чиқилди, ўқитиладиган мавжуд фанлар ўқув-услубий мажмуаларининг 85 фоизи электрон кўринишга ўтказилди. Талабаларда амалий кўникмаларни шакллантиришга асосий этиборни қаратиш мақсадида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ўқув жараёнини тўлиқ кредит-модуль тизимида ташкил этиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Талабалар сони янги ўқув йили бошида 15 минг 980 нафарга, магистрантлар сони 400 нафарга ошиши кутилмоқда.
Университетда 2020 йилда 4 та “Е-Минбар” жиҳозланган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 38 тага етказилди. Илмий лойиҳаларнинг умумий сони 8 та (2020 йилга нисбатан 35 фоиз), лойиҳалар бажарилиши йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий мақолалари 922 тага, жумладан, 346 та илмий журналларда шундан 196 та халқаро журналларда, 582 та анжуман тўпламларда, шу жумладан, 106 та халқаро анжуманларда профессор-ўқитувчиларимизнинг мақолалари чоп этилди. Шунингдек, 17 та дарслик, 82 та ўқув қўлланма, 84 та монография чоп этилди ва 29 та патент олинди.
2017 йилда университет илмий салоҳияти 23,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йил июль ойи ҳолатига бу кўрсаткич 33,5 фоизга етди.
“5 та муҳим ташаббус” доирасида турли тадбирлар олиб борилди. Мактаб ва профессионал таълим муассасаларида 5 та муҳим ташаббусни кенг оммалаштириш борасида университетнинг методик ёрдам кўрсатиши кенгайди.
Коррупциянинг олдини олиш бўйича 60 дан ортиқ турли тадбирлар, жумладан, 25 та ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар вакиллари иштирокида давра суҳбатлари, 25 та ректор ва талабалар учрашуви, 3 та иншолар танлови, 2 та расмлар ва плакатлар танлови, 2 та мақолалар танлови ва бошқа турдаги тадбирлар ўтказилди.
– Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан олий таълим муассасалари ўқитувчи-профессорлари меҳнатига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг меҳнатига тўланадиган иш ҳақи миқдори ҳам сезиларли даражада ортди. Нима деб ўйлайсиз, шунга яраша иш сифатида ҳам ўсишга эришилдими? Айнан сиз бошқараётган университет етиштираётган кадрлар салоҳиятида буни кўра билаяпсизми? Буларни жонли мисоллар билан айтиб ўтсангиз.
– Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар марказида ўқитувчиларга берилаётган эътибор тубдан ўзгарди. Бугунги кунда ўқитувчиларимизнинг маошлари 3 баробарга оширилди. Ўқитувчи жамиятнинг ҳаққоний ҳурматли ва иззатли аъзосига айланди. Улар турли хил мажбурий меҳнатнинг барча кўринишларидан батамом холис бўлди. Бу эса уларга ўзлари устида янада кўпроқ ишлаши, малакаларини ошириши ва талабаларга замон талаблари даражасида билим беришлари учун барча имкониятларни яратиб берди. Буларнинг барчаси профессор-ўқитувчилардан тинимсиз изланиш, ўз малакаларини доимий ошириш, хорижий тажрибани ўзлаштириб боришни талаб этади.
Сўнгги 3-4 йил давомида профессор-ўқитувчилар жамоаси томонидан амалга оширилган ўқув, ўқув-услубий, илмий ва илмий тадқиқот ишлари, маънавий-маърифий соҳадаги ишларни таққослайдиган бўлсак бир қатор ўзгариш ва ютуқларга эришганимизни кузатишимиз мумкин.
Масалан, Гулистон давлат университетининг магистратура босқичи 2017 йилда 3 та мутахассисликлар бўйича 10 нафар магистр илмий тадқиқот иши билан шуғулланган бўлса, бу кўрсатгич 2021 йилда 18 та мутахассислик бўйича 397 нафар магистрларни ташкил этди. Умумий нашрлар сони 2017 йилда 367тани, 2021 йилда 922 тани ташкил этди, уч йил олдин жамоамиз томонидан 5 та монография чоп этилган бўлса, 2021 йилда 29 та монография чоп этилди ва 10 та патент олинди. Университет докторантурасида 2017 йилда 12 нафар тадқиқотчи, 2021 йилда 43 нафар тадқиқотчи фаолият олиб бормоқда.
Шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий олий таълим муассасаларида малака ошириш, амалиёт ўташ ва докторантурада таҳсил олишлари учун катта имкониятлар яратиб берилди. Жамоамиз томонидан халқаро маълумотлар базасидан фойдаланишлари даражаси кескин ошди. Буларнинг барчаси талаба-ёшларга билим бериш сифатини ўсишига ва тайёрланаётган кадрлар салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Шундай бўлсада, жамоамиз билан биргаликда амалга оширадиган ишларимиз талайгина. Ишончим комил, республикамизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда университетимиз жамоаси фаол иштирок этиб, тайёрланаётган кадрлар салоҳиятини замон талаби даражасида бўлишига эришамиз.
– Ҳар қандай олийгоҳнинг рейтинг даражаси юқори ёки пастлиги аввало унинг илмий салоҳияти ва албатта моддий техника базасига боғлиқ. Бугун ГулДУнинг илмий салоҳияти ва моддий техника базаси республикада юқори ўринларда экани маълум. Лекин қўмондон бўлишни орзу қилмаган аскар-аскар эмас, дейишади. ГулДУ мамлакатимиздаги энг юқори даражадаги олийгоҳлар қаторига чиқиши учун университет ректори сифатида қандай ишларни амалга ошириш лозим деб ўйлайсиз ва биз ГулДУни энг юқори поғоналардаги олийгоҳлар қаторида қачон кўришимиз мумкин?
– Тўғри айтасиз, бундан 3-4 йил муқаддам университет профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳияти базўр 23,7 фоизни ташкил қилар, ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашлари, илмий салоҳиятларини оширишлари бўйича олиб бораётган ишлари қувонарли ҳолатда деб бўлмас эди.
Моддий-техника базани ривожлантириш борасида ҳам қилинадиган ишлар талайгина эди, десак муболаға бўлмайди. Шу ўтган қисқа фурсат ичида университет жамоаси билан ҳамжиҳатликда таълим муассасасини республикада юқори ўринларга чиқариш учун меҳнат қилдик. Бунда авваламбор Президентимизнинг, ҳукумат ва олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг алоҳида кўрсатган эътибори муҳим рол ўйнади.
Ҳар бир ўқув йили учун илмий салоҳиятни ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ишимизни шу харитага киритилган ёшларимизни докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишлари орқали илмий салоҳиятни кўтаришга қаратдик. Натижада бугунги кунда илмий салоҳиятимиз 2017 йилги 23,7 фоиздан 33,5 фоизга кўтарилди. Йил охиригача бу кўрсаткични 35,5 фоизга чиқариш учун барча имкониятларимиз етарли.
Бугунги кунда докторантларимиз ва мустақил тадқиқотчиларимизга барча шароитларни яратиб бериб, амалий ёрдам кўрсатиб келаябмиз. Моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида ўқув биноларимиз сонини 3 тадан 6 тага етказиш, университет қошидаги 2 та техникум ва 1 та академик лицей моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, бунинг учун марказлашган маблағлар ҳисобидан ахборот коммуникация воситалари жумладан, 165 та компьютер, 84 та проектор, 3 та сервер қурилмалари, 33 та локал тармоқ қурилмалари (WiFi), 110 та аудиторияларга киришларни назорат қилиш тизимларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Университет раҳбари сифатида жамоада меҳнат қилаётган профессор-ўқитувчиларнинг 2021 йил давомида чоп этган мақолаларига иқтибослар, диссертация ҳимоялари сонини ошириш, халқаро журналларда мақолалар чоп этиш, республика ва хорижий грантлардаги иштирокимизни ошириш, дарслик, ўқув қўлланма, монография ва патентлар сонини кўпайтириш, университетда хорижий талабалар ва академик алмашув дастурларида иштирок этаётган талабалар улушини кўпайтириш орқали ҳамда бир қатор курсларни хорижий тилларда ўқитишни йўлга қўйиш, республика ва халқаро олимпиада ва танловларда ғолиб бўлган ёшлар сонини ошириш, таълим сифатини яхшилаш, кредит-модуль тизимига тўлиқ ўтиш, хорижий олимларни дарс бериш жараёнларига жалб этиш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада ривожлантириш орқали таълим муассасамиз ўзининг позициясини янада мустаҳкамлаб олади ва 2021 йил якунлари бўйича янада юқори поғоналарга кўтарилади деб айтишим учун барча асослар етарли деб ҳисоблайман.
– Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари ниҳоясига етди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан янги ўқув йилида ўқишга кириш учун грантлар сони сезиларли даражада оширилди. Бу сиз раҳбарлик қилаётган университет фаолиятида қандай ўзгаришларни бериши мумкин? Қабул сони, янги факультет ва кафедралар сонида, ўқитувчи ва профессорлар штат бирликларида қандай янгиланишлар кутилмоқда?
– 2021 йил 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2021-2022 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йил 22 июндан 22 июлгача тўлиқ масофавий, яъни онлайн шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилди. Университетимизда ҳам ота-оналар ва абитуриентларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб бериш мақсадида Ахборот маслаҳат маркази ташкил этилди.
Қарор асосида университет қабули параметрлари белгиланди. Бакалавр тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига 48 та таълим йўналиши бўйича 2 минг 200 нафар, сиртқи таълим шаклига 18 та таълим йўналиши бўйича 1 минг 150 нафар, магистрлар тайёрлаш бўйича 19 та ихтисослик бўйича 105 нафар квота белгиланди.
Янги ўқув йилидан талабалар сони ошиши биз профессор-ўқитувчилар олдига катта масъулият юклайди. Чунки университетимиз нафақат Сирдарё вилояти балки республикамиз иқтисодиёт тармоқлари учун мутахассислар тайёрлайди. Шунинг учун биз янги ўқув йилига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида штаб ташкил қилдик. Штабда кундалик амалга оширилаётган ишлар, режа асосида бажарилиши керак бўлган вазифалар муҳокама қилиниб, барча тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилди.
Янги ўқув йилидан “Тиббиёт” факультетининг ташкил этилиши билан факультетлар сони 8 тадан 9 тага ошади. “Даволаш иши”, “Педиатрия”, “Спорт фаолияти” (кураш) каби таълим йўналишларининг очилиши албатта илмий салоҳиятли кадрларга эҳтиёжни келтириб чиқаради. Шунинг учун биз 2021-2022 ўқув йили учун жами 50 нафар, шу жумладан 30 нафар магистрларни, 20 нафар ўқитувчиларни жамоатчилик гуруҳи тавсияси билан ишга олиш орқали штат бирликларида ҳосил бўладиган эҳтиёжни қондиришни мақсад қилганмиз.
– ГулДУнинг бугунги даражаси университет ректори ва халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Мухсин Ходжиевни қанчалик қаноатлантиради?
– Назаримда энг қийин саволни ўртага ташладингиз.
Ўзбекистоннинг дунё мамлакатлари билан интеграцион жараёни ривожланиб бораётган бир паллада, таълим соҳаси олдига ҳам қатор вазифаларни қўймоқда. Олий таълим тизимида бугунги кунда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Буларни биз ҳар куни оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқларда кузатиб, бевосита иштирокчиси бўлиб келмоқдамиз. Шундай бўлсада мен ректор ва депутат сифатида ўзим раҳбарлик қилаётган университетнинг бугунги даражасидан тўлиқ қониқмайман десам тўғри бўлади. Чунки, олдимизда жамоамиз билан қиладиган ишларимиз талайгина.
Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш”га бағишланган йиғилишининг баёни билан тасдиқланган “Гулистон давлат университети фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси”га, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 16 июнь куни “Олий таълим соҳасидаги ислоҳатлар натижадорлиги ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик” мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Йўл харита”мизни ишлаб чиққанмиз.
Белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш, жамоамиз томонидан янги 2021-2022 ўқув йилига талаб даражасида тайёргарлик кўриш мақсадида давлат таълим стандартларини халқаро стандартларга мослаштириш, университетда ўқитилаётган фанларни мазмунан қайта кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, умумий ўрта, ўрта-махсус ва бошқа таълимда ўқитилган фанлар бўйича университетда ортиқча такрорланишларни қисқартириш, тармоқлар эҳтиёжидан келиб чиқиб фанлар номини ўзгартириш, янгиларини киритиш ва айримларини умумлаштириш, бўшаган дарс соатлари ҳисобига мутахассислик фанларини кўпайтириш ҳамда талабаларга мустақил илмий изланиши учун имконият яратиш, 2021-2022 ўқув йилидан ўқув жараёнларини кредит-модуль тизимига тўлиқ ўтказиш каби бугунги кун долзарб вазифалар ечими устида меҳнат қилмоқдамиз.
Янги 2021-2022 ўқув йилидан университетда таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада ривожлантириш, ёшларимизни илм билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиш, университет илмий салоҳиятини ошириш, талаба-ёшларни етук мутахассис кадр бўлиб етишишларини таъминлаш мақсадида, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Сирдарё вилоят ҳокимлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ижобий ишларни бажаришга аллақачон киришганмиз.
Гулистон давлат университетининг ҳудуд ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашдаги ўрнини кенгайтириш, уни ҳудуднинг етакчи илмий-амалий марказига айлантириш, “Тадбиркорлик университети” концепциясини тадбиқ этиш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида, университетда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан инновацион технологияларга асосланган кичик ишлаб чиқариш линиялари ва корхоналарини ташкил этиш каби режаларимизни амалга оширишни ректор ва вилоят Кенгаши депутати сифатида ўз олдимга вазифа қилиб олганман.
Халқаро университетлар рейтингида муносиб ўринга кўтарилмасдан туриб нуфузли хорижий ОТМлар билан тафовутни камайтириб бўлмайди. Бугунги кунда барча етакчи университетлар ўз олдига халқаролашиш масаласини қўймоқда, яъни жаҳон университетлари билан интеграцияга эришмасдан туриб якка ҳолда илм-фанни тараққий эттириб бўлмаслигини дунё тажрибасидан тушуниб етмоқда. Бунинг учун ҳар бир олий таълим муассасаси камида 5 фоиз талабасини хорижий талабалар қаторидан бўлишига ҳаракат қилмоқда. Профессор-ўқитувчилар таркибини халқаро электрон кутубхоналар базаларидан фаол фойдаланишга ўргатиш ва ўқув хоналарини анънавий жиҳозланишидан воз кечиш каби ишларни амалга оширишимиз зарур деб ҳисоблайман.
Хулоса қилиб айтганда, Гулистон давлат университети янги ўқув йилига янги режалар, улкан мақсадлар билан қадам қўймоқда. Университет жамоаси ўз олдига илмий салоҳиятни ошириш, хорижий ҳамкорлар билан ишлаш, халқаро дастурларда иштирок этиш, янги авлод дарсликларини яратиш, ўқув жараёнига кредит-модул тизимини тадбиқ этиш ишларини якунига етказиш ва давлатимиз учун рақобатбардош, юқори салоҳиятли кадрларни тайёрлаш борасида бир қатор вазифаларни белгилаб олган ва уларни амалга ошириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, ижодий фаолиятингизга омад ёр бўлсин.
ЎзА мухбири Абдужалол Қаюмов суҳбатлашди