Бешкент канали таъмирланди
Қашқадарё вилоятидаги Бешкент канали қайта реконструкция қилинди.
Қашқадарё вилоятидаги Бешкент канали қайта реконструкция қилинди.Вилоят фаоллари, маҳаллалар оқсоқоллари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, айниқса, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, мелиорация ва ирригация объектларини тубдан реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
“Равшан” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан каналнинг 4,6 километрлик қисми реконструкция қилинди, 1,7 километрига лоток ётқизилди. Бу Қарши шаҳридаги Чақар, Чармгар, Ҳарамжўй, Махсумобод, Геолог, Мағзон ва Қиличбек-қўрғонча маҳаллаларининг 500 гектар ер майдонини сув билан таъминлаш имконини беради.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сувдан самарали фойдаланиш бўйича вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “К-37-4” коллектори, Косон, Ғузор ва Миришкор туманларидаги 50,3 километр узунликдаги ёпиқ дренажлар, Нишон туманидаги “Д-13”, Қарши туманидаги “Дашт” коллекторларида тиклаш-таъмирлаш ва реконструкция ишлари якунланди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.