Беш йиллик сарҳисоб: амалиёт ва самара
Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ташкил этилганининг беш йиллиги муносабати билан анжуман ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий юксалиб боришида давлат ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этаётгани, аҳолининг 50 фоизидан ортиғи қишлоқ жойларда яшаши, ялпи ишлаб чиқаришда соҳанинг улуши 24,3 фоизни ташкил этиши қайд этилди.
– Ўтган даврда иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири бўлган аграр соҳадаги хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида уюшма томонидан тизимли ва самарали ишлар амалга оширилди, – дейди “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси раҳбари Адиба Аҳмеджонова. – Аъзоларимиз сафида етук олимлар, ишлаб чиқариш илғорлари ва тажрибали фермерлар кўпаймоқда. Улар соҳада хотин-қизлар ролини ошириш, замонавий билим ва кўникмалар бериш, томорқа ва шахсий-ёрдамчи хўжаликлардан оқилона фойдаланиш орқали даромадларни кўпайтириш, ўзини ўзи банд қилиш, қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантиришда ёшлар иштирокини кенгайтиришда фаол иштирок этмоқда.
[gallery-18302]
Таъкидлаш жоизки, уюшманинг турли вилоятларда ҳудудий бўлинмалари ташкил этилган. Ҳозирда уюшма ижтимоий шериклик тамойилларига таянган ҳолда 25 га яқин вазирлик ва давлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланган. Давлат ташкилотлари, жумладан, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва чет эллик ҳамкорлар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), БМТнинг Тараққиёт Дастури (БМТТД), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Бизнес ва Финанс Консалтинг ташкилоти (ВFC) GmbH (Швейцария, Цюрих) билан бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Уюшма кўмагида кўплаб ўқув-семинарлар, конференциялар ташкил этилмоқда. Ўтган йиллар давомида қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларида 2000 нафардан ортиқ хотин-қиз ва ёшлар ўқитилди. Тошкент вилоятидаги муҳофазага муҳтож аёллар ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 8 минг нафардан зиёд хотин-қизга бепул юридик ва психологик маслаҳатлар, хизматлар кўрсатилди.
Анжуманда беш йиллик фаолият юзасидан тўлиқ ҳисобот берилиб, уюшма раиси ва бошқарув аъзолари қайта сайланди. Тадбир якунида уюшма фаолиятидаги фаол иштироки, аграр соҳадаги хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, салоҳиятини юксалтириш борасидаги самарали хизматлари учун бир гуруҳ уюшма аъзолари ҳамда ҳамкор ташкилотлар тақдирланди.
Нилуфар Бозорова,
Ойбек Пардаев (сурат) ЎзА мухбирлари