“Беш ташаббус олимпиадаси”: энг муносиб жамоа ғолиб бўлди
Андижонда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларининг вилоят босқичи бўлиб ўтмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, яъни маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий спорт ўйинлари ва спорт турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида маҳалла ёшларидан тузилган жамоалар ўртасида спортнинг шашка, “Street Workout”, енгил атлетика стол тенниси, волейбол, стритбол, киберспорт турлари бўйича мусобақалар, шунингдек, “Заковат”, “Зукко китобхон”, “Мунозара” интеллектуал ўйинлари, “Қувноқлар ва зукколар”, “Ёш китобхон оила”, “Мушоира” кўрик-танловлари ўтказилмоқда.
Шашка мусобақасининг вилоят босқичида туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган маҳаллалар жамоалари таркибида 96 нафар йигит-қиз учта ёш тоифаси бўйича ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди. Якуний натижаларга кўра, 6 нафар иштирокчи мусобақанинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
[gallery-7479]
Street Workout мусобақаларида эса туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 48 та маҳалла жамоаси таркибига кирган 192 нафар йигит-қиз турник ва брусда тортиниш бўйича мусобақаларда иштирок этди. Уч ёш тоифасида энг юқори натижага эришган маҳалла жамоалари мусобақаларнинг республика босқичига йўлланма олди.
– Вилоятдаги 887 та маҳалла жамоалари таркибида 8 минг нафар ёшлар “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг туман, шаҳар босқичларида иштирок этиб, ўзларининг билим, иқтидор ва салоҳиятини намойиш этди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармасининг “Беш ташаббус олимпиадаси” тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича мутахассиси Назира Убайдуллаева. – Юксак кўтаринкилик ва ёшларнинг фаоллиги остида ўтган танловда энг муносиб жамоа ғолиб, деб топилди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўринни Қўрғонтепа туманидаги Хонкўча маҳалласи жамоаси эгаллади. Энди ушбу маҳалла жамоаси Наманган шаҳрида бўлиб ўтадиган танловнинг минтақавий босқичида иштирок этади. Танловда иккинчи ўрин Бўстон туманидаги Гузар маҳалласи, учинчи ўрин эса Андижон туманидаги Шавқандарё маҳалласи жамоаларига насиб этди.
Шу кунларда “Беш ташаббус олимпиадаси” нинг шашка, Street Workout, стол тенниси, енгил атлетика турлари бўйича вилоят босқичи мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА