Беш муҳим ташаббус ёшларга катта имкониятлар бермоқда
Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Қува тумани халқ таълими бўлими тасарруфида 68 та умумий ўрта таълим мактаби фаолият кўрсатаётган бўлиб, 41 минг 258 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Уларда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида спорт, мусиқа, компьютер тўгараклари ташкил этилди. Шунингдек, 8 та мактабдаги қўғирчоқ театрлари ўқувчиларни санъатга ошно этиш ҳамда истеъдодларни кашф этишга хизмат қилиб келмоқда.
Чекка ҳудуд – “Сойгузар” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10-умумтаълим мактабида ўтказилган бешта муҳим ташаббусга бағишланган фестиваль ҳақиқий маънавият байрамига айланди. Тадбирда туман прокурори, 2-сектор раҳбари Отабек Тошматов бу каби тадбирлар ёшлар камолотига хизмат қилишини таъкидлади.
Тумандаги таълим масканларининг психологлари ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш борасида белгиланган вазифалар бўйича турли тадбирларни ўтказди. “Доим китобни дўст тут” акцияси доирасида китоблар кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди. Мактаб ўқувчилари томонидан 5 та ташаббус бўйича ташкил этилган тўгараклар тақдимоти ҳамда ижодий ишлари намойиш этилди Шахмат-шашка, стол тенниси, волейбол, арқон тортиш, узунликка сакраш, югуриш бўйича мусобақалар ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди.
– Ёшларимиз қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири Дадажон Юнусов. – Улар қанчалик билимли бўлса, давлатимиз ҳам шунчалик қудратли бўлади. Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббус бунда катта аҳамиятга эга. Шу боис мактабларимизда унинг тарғиботига эътибор қаратиб, тизимли тадбирлар ўтказилмоқда. Таълим масканларимиз зарур мусиқа чолғу асбоблари ва спорт жиҳозлари билан таъминланди.
[gallery-1971]
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат), ЎзА