Берунийда “Legion” спорт клуби ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани Навоий овул фуқаролар йиғини ҳудудида ёшлар учун карате ва фитнес залларига эга “Legion” спорт клуби фойдаланишга топширилди.
Ҳудудда фойдаланилмаётган бино 17 йиллик тажрибага эга каратэ устаси, Ўзбекистон ва Осиё чемпиони Сапармурод Сахиев ташаббуси билан замонавий кўринишда жиҳозланди.

Очилиш тадбирида Беруний тумани ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда нуронийлар иштирокчиларни спорт клубининг ишга тушиши билан самимий қутлаб, мазкур клуб ёшларнинг, айниқса, ёзги таътил давомида бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини таъкидладилар.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг спорт соҳасини янада юксалтириш, ёш авлодни жисмонан соғлом тарбиялашда спортнинг барча турларини янада оммалаштириш бўйича бир қанча қарори қабул қилиниб, ижроси ҳудудларда татбиқ этилмоқда. Клубда 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган барча ёшларга карате спорт турининг сир-синоатини ўргатиш бошланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири