Беруний туманида “Агро марафон” ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида Ӯзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёш фермерлар Кенгаши ташаббуси билан мамлакатимизда илк маротаба “Агро марафон” ташкил этилди.
Мустақиллик йилларида иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларига айланган фермерлик соҳаси бугунги кунда давлатимиз ва жамиятимиз ривожида ҳал қилувчи аҳамият касб этиб бормоқда.
Улар ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулот ва хизматлар билан тўлдираётгани, экспорт салоҳиятини юксалтиришдаги ҳиссаси муттасил ошиб бораётгани, энг асосийси, ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий жараёнларда фаоллик кўрсатаётгани бунинг яққол далилидир.
Зеро, Фермерлик йўналишлари иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш муаммосини ҳал этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тобора катта роль ўйнамоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу йўналишда қабул қилинаётган қарорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни моддий ҳамда маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, ёшларда эса фермерликка иштиёқ уйғотишга хизмат қилаётгани билан янада аҳамиятлидир.
Бу борадаги ишлар самарасини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон ёш фермерлар Кенгаши тузилганлиги эса ёшларга мазкур соҳага оид масалаларнинг ҳамиша давлат эътиборида эканлигини намойиш этади.
[gallery-4219]
Қайд этиш жоизки, жамғарма фаолияти ёшларнинг қишлоқ хўжалиги йўналишларида ўз ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган энг оҳирги қишлоқ ҳужалигида билим ва кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, умуман ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган.
Республикамизда фаолият кўрсатаётган энг илғор фермерлар иштирокидаги ушбу марафон ўзаро тажриба алмашиш, замонавий технологиялар, инновацион ишланмаларни жалб этиш, жаҳон бозорига чиқиш учун йўлланма вазифасини ўтайди.
Тадбир иштирокчилари учун Беруний туманидаги “Кашфиётчи ёшлар” масъулияти чекланган жамиятига қарашли гидропоника иссиқхонасига агро саёҳат ташкил этилди. Бундан кейин ташкил этилган учрашувда ёш агротадбиркорлар томонидан бизнес режаларни тайёрлаш ҳамда қишлоқ хўжалигида ўз фаолиятларини бошлаш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, иштирокчилар бизнесни ривожлантиришда қўл келадиган дунёдаги илғор тажриба ва замонавий воситалар билан таништирилди.
Марафон доирасида бўлиб ўтган “Агробизнесда менеджмент” мавзусидаги тренингда қатнашчилар агротадбиркорлик ҳамда бизнес бўйича юқори билим, кўникма ҳамда тажрибага эга бўлган агробизнесменлар - “Teodora Goods ва Dalatek” компанияларининг директори Дилдора Атаджанова, “Mevali” компаниясининг директори Мансур Рахимов, “Most Business” МЧЖ директори Элмурод Пирназаров, “Vesagro” компаниясининг директори, агроблогер Ўрмонали Усмонов, боғдорчилик бўйича мутахассис консультант Шуҳрат Аброров ҳамда “Agro Export Group” МЧЖ асосчиси Санжар Каримов билан мулоқот қилди.
Тадбирда иштирок этган ёш фермерлар, деҳқонлар ва аграр соҳадаги фаолиятга қизиққан ёшлар атрофидаги тенгдошларининг ҳаракатини кўргач, нимагадир эришишга имконият эшигини очди. Тренингда агробизнесни йўлга қўйиш истагида бўлган ёшлар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА