Бернҳам иқтисодий барқарорликка ваъда берди
Энди Бернҳам Буюк Британиянинг сўнгги ўн йилдаги еттинчи бош вазири сифатида ўз фаолиятини бошлайди. Бунинг учун амалдаги ҳукумат раҳбари Кир Стармер қирол Чарльз IIIга истеъфосини тақдим этади, шундан сўнг Бернҳамга янги ҳукумат тузиш вазифаси юкланади.
56 ёшли сиёсатчи аввал Катта Манчестер мэри сифатида ишлаб, “Шимол қироли” лақаби билан танилган. Энди эса у янги Вазирлар Маҳкамасини шакллантириши, иқтисодий ўсиш суръатларининг пастлиги, коммунал хизматлар самарадорлиги ва турмуш қимматчилиги каби муаммоларга ечим топиши керак бўлади. Айниқса, молия вазири лавозимига ким тайинланиши сиёсий доираларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Бернҳам ҳокимиятга келиши мамлакат сиёсатидаги энг катта бурилишлардан бири эканини таъкидлаб, давлат бошқарувини барқарор ва масъулиятли йўлга ўтказишга ваъда берди. Унинг фикрича, нарх-навони пасайтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва иқтисодиётни самарали ишлайдиган тизимга айлантириш учун сиёсий барқарорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Лейбористлар партиясида ҳам у “Reform UK” партияси раҳбари Найжел Фаражнинг ортиб бораётган сиёсий таъсирига қарши кураша оладиган кам сонли сиёсатчилардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Янги ҳукуматнинг дастлабки қарорлари ҳам диққат марказида бўлади. Хусусан, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, солиқ сиёсати, давлат харажатлари, нефть-газ тармоғи ва қарз юки оғирлашган “Thames Water” сув компанияси тақдири бўйича қарорлар ҳам янги бош вазир фаолиятининг илк синовларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА