Мерц ҳукуматни янгиламоқчи
Германия канцлери Фридрих Мерц ҳукумат таркибида ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини истисно қилмади. Бу баёнот мамлакатдаги энг йирик сиёсий кучлардан бири — Христиан-демократик иттифоқининг парламентдаги раҳбари Йенс Шпан лавозимидан кетганидан кейин янгради. Канцлер партиянинг янги етакчиси июль ойи охирига қадар аниқланиши лозимлигини билдирди.
Берлиндаги сиёсий доираларда Канцлерлик идораси раҳбари Торстен Фрай Шпаннинг асосий вориси сифатида кўрилмоқда. Агар у ушбу лавозимга тайинланса, Мерц ўзининг энг яқин маслаҳатчиларидан бири ҳисобланган Канцлерлик идорасига ҳам янги раҳбар танлашига тўғри келади. Бу эса ҳукумат таркибида яна бир қатор кадрлар алмашинувига йўл очиши мумкин.
Масала сентябрь ойида ўтадиган Саксония-Анҳальт, Берлин ва Мекленбург–Ғарбий Померания ерларидаги муҳим сайловлар арафасида янада долзарб тус олди. Айниқса, “ГФР учун альтернатив” партияси Саксония-Анҳальтда илк марта ҳудудий ҳукуматни бошқариш имконияти учун курашмоқда. Германия ички хавфсизлик хизмати мазкур партиянинг ушбу ҳудуддаги бўлимини ўнг экстремистик ташкилот сифатида таснифлаган.
Йенс Шпаннинг истеъфоси унинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ баҳслардан кейин тезлашди. У ва турмуш ўртоғи Қўшма Штатларда суррогат оналик орқали фарзандли бўлгани маълум бўлгач, жамоатчилик ва мухолифат томонидан танқидлар кучайди. Танқидчилар Шпанни Германияда суррогат оналикни қонунийлаштиришга қарши чиқиб келганига қарамай, ўзи айнан шу усулдан фойдалангани учун иккиюзламачиликда айбламоқда.
Бу воқеа Мерц ҳукуматига нисбатан босимни янада оширди. Сўнгги ижтимоий сўровларга кўра, канцлер фаолиятидан мамлакат аҳолисининг атига 13 фоизи мамнун бўлиб, бу унинг лавозимга киришганидан буён энг паст қўллаб-қувватлаш кўрсаткичи сифатида баҳоланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА