Бепул контентлар замонавий китобларнинг асосий рақобатчиси бўлади
Замонавий китобларда фақат битта рақобатчи бор, у ҳам бўлса рақамли платформалар орқали тарқатилаётган бепул контентлар, дейди Москва халқаро китоблар ярмаркаси доирасида бўлиб ўтаётган конференцияда иштирок этаётган мутахассислар.
Масалан, Россиянинг "Эксмо-АСТ" ноширлик гуруҳи бош директори Евгений Капьевнинг фикрича, нашриётлар "Яндекс", Facebook, Instagram каби рақамли платформалар томонидан кучли рақобатга дуч келмоқда. Ушбу маълумот манбалари китобларга кучли рақобатчи сифатида кўрилмоқда. Табиийки уларда бепул контентлар миқдори кўпаймоқда. Буни "Яндекс. Дзен" интернет-сервисида ҳам кўриш мумкин. Уларда жуда катта миқдорда бепул контентлар эълон қилинмоқда. Бу эса китоб бозорига жиддий босим ўтказмоқда", — дейди Капьев конференцияда.
Эксперт ҳозирги замон одамлари кам ўқийди, деган гапларга ҳам ишонмаслигини маълум қилди. Унинг фикрича, ҳозир одамлар жуда кўп вақтини китоб ўқишга эмас, балки бепул контентларни ўрганишга сарфламоқда.
"Ҳақиқатан ҳам одамлар бир кунда тахминан саккиз соат ўқийди. Муаммо шундаки, ушбу саккиз соатдан улар кўпи билан ярим соатини китоб ўқишга сарфламоқда. Одамларни шунчаки ўқишга эмас, балки айнан китоб ўқишга мажбурлаш керак", — дейди эксперт.
Китоб ўқишга бўлган қизиқишни ошириш учун, нашриётлар ва муаллифлар китоб нашр қилиш бозорига бошқача кўз билан қараши лозим. Китобларни бепул контентларга қараганда янада қизиқарлироқ ва жозибадор қилиб чиқариш керак, дейди Капьев.