Бепарволик кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин
Куз-қиш мавсуми яқинлашгани сари газ хўжалигида табиий газни бир маромда етказиб бериш ишларига қизғин ҳозирлик кўрилади. Ўз баробарида истеъмолчи ҳам табиий газдан хавфсиз ва тўғри, тежамкор фойдаланишни билиши, бунга амал қилиши лозим. Гоҳида газ ва газ жиҳозларидан фойдаланишда бепарволикка йўл қўйиш кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу кунларда жойларда газ идораси ходимлари томонидан куз-қиш мавсумида ис газидан огоҳ бўлиш, носоз ва қўлбола печлардан фойдаланмаслик, мавсум олди дудбуронларни махсус мутахассислар иштирокида тозалаш, текшириш ва бошқа ҳолатларга аҳамият қаратиш зарурлиги тушунтирилмоқда.
Навоий шаҳрида газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан хонадонма хонадон юрилиб, табиий газдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари кенг тушунтирилмоқда. Жумладан, Бинокор маҳалласида ўтказилган тарғибот тадбирида ҳам айни муҳим мавзу моҳияти аҳолига атрофлича тушунтирилди. Ҳаво газ аралашмаси чақнаши, ёнғинлар ва газ сизиб чиқиши, ис гази олдини олиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ҳаётий мисоллар билан аҳолига маълумот берилди.
– Хонадонларимизга табиий газ бир маромда етказиб бериляпти, газдан муаммомиз йўқ, – дейди шу маҳаллада яшовчи фахрий Нурилло Турдиев. – Газ жиҳозларидан тўғри ва хавфсиз фойдаланишга амал қиламиз. Шаҳар газ таъминоти бўлими ходимлари ҳам келиб мунтазам тарғибот ишларини олиб боришади. Бугун ҳам газдан тўғри фойдаланиш юзасидан эслатмалар берилди. Эслатмадаги ҳар бир қоидага эътиборли бўлишимиз керак деб ҳисоблайман. Уч нафар набирам бор, уларга ҳам гугурт, газ жиҳозлари билан ўйнашмасликни тушунтираман. Аввало, бу хавфсизлик қоидаларига амал қилиш ўзимиз, оиламиз тинчлиги учун жуда муҳим.
Шу кунга қадар Навоий шаҳри бўйлаб истеъмолчиларга газдан хавфсиз фойдаланишга оид 25 мингга яқин эслатмалар тарқатилди.
Тарғибот тадбирлари эса ҳар бир маҳаллада давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири