Беларусь президенти сайловлари қачон ўтказилади?
Беларусь парламенти жума куни республикада президент сайлови бўлиб ўтадиган кунни белгилаш масаласини муҳокама қилади.
Беларусь парламенти жума куни республикада президент сайлови бўлиб ўтадиган кунни белгилаш масаласини муҳокама қилади. Бу ҳақда “РИА Новости” мамлакат парламенти қуйи палатаси матбуот хизмати маълумотига таяниб хабар берди.
“Эртага йиғилиш режалаштирилган... Сайловни белгилаш масаласи кўриб чиқилади”, — дейилган хабарномада. Кутилаётган мажлисда депутатлар муҳокамасига сайлов билан боғлиқ қайси саналар таклиф этилишига аниқлик киритилмаган.
Беларусь президенти Александр Лукашенко бундан аввалроқ янги коронавирус эпидемиясига қарамасдан, шу йилнинг ёзида давлат раҳбарлиги учун сайловлар албатта ўтказилиши, яқин орада ушбу сана аниқланиши, овоз бериш эса узоғи билан август ойи охиригача бўлиб ўтиши тўғрисида баёнот берганди.
Марказий сайлов комиссияси расмий сайтига жойлаштирилган тақвимда Беларусда президент сайлови 2020 йил ўтиши қайд этилган. Аввалига МСК раҳбари Лидия Ермошина сайлов фақат 30 август кунига белгиланиши ҳақиқатга яқинлигини билдирганди. CОВИД-19 пандемияси туфайли республикада фавқулодда ҳолат эълон қилингани бу муддат ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин эди. Ҳозирги вазиятга қараб, ўзгариш юз беришини кутмаса ҳам бўлади.
Сўнгги хабарларга кўра, МСК раиси сайлов куни учун назарда тутилаётган тўрт сана ҳақида гапириб ўтган: 9, 16, 23 ва 30 август.
Расман эса Беларусь президенти сайлови бўлиб ўтадиган кун ҳали эълон қилинмади. Демак, якуний қарорни парламент чиқаради.