Беларусь ҳукумати қишлоқ хўжалигини янада қўллаб-қувватлайди
Беларусь Бош вазири Александр Турчин бошчилигида ўтган навбатдаги йиғилиш қишлоқ хўжалигига бағишланди. Хусусан, соҳа олдидаги асосий вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, агросаноат мажмуасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди. Айни жараён учун белгиланган муҳим йўналишларнинг асосли рўйхати шакллантирилди. Бу ҳақда "БелТА" ахборот агентлигига хабар берган.
– Умуман, ҳар бир мамлакатда қишлоқ хўжалиги давлат томонидан у ёки бу шаклда, муайян миқдорда қўллаб-қувватланади, – деди Турчин. – Бугунги учрашувимиздан мақсад – қайси тармоқларни қандай усулда рағбатлантириш лозимлигини аниқлаб олиш.
Ҳукумат раҳбари фикрича, бундай чоралар тизимлаштирилган.
– Шу йўналишдаги ишларимиз самарадорлиги бўйича умумий фикрга келиб, хулосани Президентга тақдим этиш керак, – деди у.
Агросаноатни мувозанатли ривожлантириш Беларусь сиёсатида устуворлик касб этади. Асосий талаб – давлат сарфлаётган ҳар бир чақа самарадорлиги ва қайтимини таъминлаш.
Йиғинда тегишли мулозимларнинг амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
А. Маматов, ЎзА