Бекзод — бутунжаҳон танловининг ғолиби
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида туғилган ёш истеъдод эгаси Бекзод Абдувоитов Индонезияда ўтказилган нуфузли “Handai Indonesia 2025” халқаро фестивали доирасидаги “Lomba Berpidato” — нутқ сўзлаш бўйича бутунжаҳон танловида биринчи ўринни қўлга киритди.
Ушбу мусобақада у Ўзбекистон Республикасидан ягона иштирокчи сифатида қатнашиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Жорий йилнинг 25–31 октябрь кунлари Индонезия Таълим ва маданият вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган фестиваль дунёнинг 60 та мамлакатидаги 436 нафар иқтидорли ёшларни бирлаштирди. Танловда иштирокчилар нутқ маданияти, тил билими ҳамда ўз мамлакатининг маданий қадриятларини намоён этиш бўйича беллашдилар.
Бекзод Абдувоитовнинг чиқиши ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди. У нутқида Ўзбекистонда ёшларга яратилаётган имкониятлар, таълим тизимидаги ислоҳотлар ва миллий қадриятлар ҳақида сўзлаб, юртимиз маънавий қудратини жаҳон саҳнасида намоён этди.
– Мен учун бу ғалаба фақат шахсий ютуқ эмас, балки мамлакатимиз ёшларининг салоҳиятини дунё миқёсида кўрсатиш имкони бўлди, – дейди Бекзод Абдувоитов. – Ўзбекистонда ёшларга берилаётган эътибор бизга янги марраларни забт этишга куч ва ишонч беради.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Бекзод 2000 йил 12 октябрда Гулистон шаҳрида туғилган. У 2015 йилда Тошкентдаги Успенский номли мусиқа академик лицейини, 2018 йилда Гулистон ахборот ва компьютер технологиялари коллежини, 2023 йилда эса Тошкент давлат Шарқшунослик университетининг Хорижий давлатлар иқтисодиёти факультетини тамомлаган.
Ҳозирда у Индонезиянинг нуфузли “Universitas Pendidikan Indonesia” университетида магистратура босқичида таҳсил олиб, тилшунослик ва халқаро муносабатлар йўналишида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Ғулом Примов, ЎзА