Бебаҳо хазинадан баҳраманд бўлиб
Ўзбекистон давлат санъат музейида 18 май – Халқаро музейлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари –туризм ва маданий мерос вазири Aзиз Aбдуҳакимов, вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори Шаҳриёр Нуруллоев ва бошқалар бой маданий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уларнинг тарихий аҳамияти ҳамда мазмун-моҳиятини халқимиз, ёшлар ва мамлакатимизга ташриф буюраётган меҳмонларга етказиш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидладилар. Зеро, музейлар мамлакатимиз туристик салоҳиятини кенгроқ намойиш этишда, сайёҳликни янада равнақ топтиришда катта аҳамиятга эга.
Шу боис мамлакатимизда музейлар фаолиятини замон билан ҳамоҳанг тарзда йўлга қўйиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳа мутахассисларининг машаққатли меҳнатини қўллаб-қувватлаш масаласида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бир қатор музейлар фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда. Уларнинг ташқи кўриниши, экспозициясини қайта барпо этишда жаҳоннинг энг етакчи илмий-маърифий ташкилотлари, номдор экспертлар, музейшунослар, олимлар, меъморчилик соҳаси вакиллари жалб этилмоқда.
Мамлакатимизда ташкил этилаётган янги музейлар эса тарихимизнинг ўқилмаган саҳифаларига теранроқ назар солиш, маънавий жасорат кўрсатган ҳамюртларимиз, фидойи ижодкорлар фаолиятини чуқур ўрганиш ва тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугун сана баҳонасида соҳа вакиллари галдаги долзарб вазифалар, бажарилиши керак бўлган амалий чора-тадбирларни муҳокама этмоқдалар. Юртимиз меҳмонлари, халқимиз, айниқса, ёшлар эса музейлар фаолиятидан баҳраманд бўлмоқда. Қизиқарли кўргазмалар, ўқув семинарлари, анжуманлар, санъат йўналишлари бўйича маҳорат дарслари, экскурсиялар ушбу санага ўзгача руҳ бағишламоқда.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон давлат санъат музейининг бебаҳо экспозициясидан баҳраманд бўлдилар.
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири