"BBC" фавқулодда вазиятларда интернетсиз ишлайдиган радиостудия ташкил этмоқчи
Буюк Британиянинг "BBC" телерадиокорпорацияси киберҳужумлар, табиий офатлар ёки электр таъминотидаги кенг кўламли узилишлар шароитида ҳам аҳолини ахборот билан таъминлаш мақсадида махсус радиостудия ташкил этишни режалаштирмоқда.
Таъкидланишича, мазкур ташаббус мамлакатда электр ва алоқа тармоқлари узоқ муддат ишдан чиқиши эҳтимолини назарда тутувчи “Black Sky” сценарийсига тайёргарлик доирасида амалга оширилмоқда.
Режага кўра, махсус студия интернет ва ташқи электр таъминотисиз камида 72 соат давомида радиоэшиттиришларни узатиш имкониятига эга бўлади. Унинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш учун 100 нафарга яқин ходим жалб этилиши, шунингдек, ёнилғи, ичимлик суви ва озиқ-овқат захиралари шакллантирилиши кўзда тутилган.
Фавқулодда вазиятларда радио орқали ҳукуматнинг расмий огоҳлантиришлари, хавфсизлик чоралари, ичимлик сувидан фойдаланиш ва санитария қоидаларига оид тавсиялар тарқатилади. “BBC” мухбирлари эса ўлканинг турли ҳудудларидан сунъий йўлдош алоқаси орқали ахборот етказиб туради.
Бундай тайёргарликка 2015 йилда Ланкаширда содир бўлган сув тошқинлари ҳам сабоқ бўлган. Ўшанда 62 мингга яқин аҳоли электр таъминотисиз қолган, FM радиоси ва анъанавий телефон линиялари эса муҳим алоқа воситаси вазифасини бажарган.
Шу билан бирга, Бирлашган Қироллик ҳукумати фавқулодда вазиятларда мобил алоқа ва интернет хизматларининг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган юқори баландликдаги учувчи платформалар технологиясини ривожлантириш учун 70 миллион фунт стерлинг ажратгани маълум қилинди.
Экспертларнинг таъкидлашича, замонавий инфратузилманинг электр энергиясига тобелиги ортиб бораётган бир шароитда мустақил алоқа ва ахборот узатиш тизимларини ривожлантириш миллий хавфсизликнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
А.Маматов, ЎзА