Базальт туфайли бинолар кўркамлашмоқда, хавфсизлиги ошмоқда
Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги маҳаллаларда аҳоли турар жойлари ва ижтимоий соҳа объектларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари белгиланган жадвал асосида мунтазам амалга оширилмоқда.
Хусусан, тумандаги Узун маҳалласида мавсумга тайёргарлик ишлари нафақат мактабгача таълим муассасалари ва ижтимоий объектлар, балки бутун маҳалла аҳолиси учун қулай, хавфсиз ва замонавий муҳит яратишга қаратилган.

Хусусан, маҳалладаги 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳудудида базальт қопламаси ёрдамда ободонлаштириш ишлари бошланган. Бундай қопламалар ёмғирли ва совуқ кунларда ҳам болаларнинг хавфсиз ҳаракатланишига ёрдам беради. Чидамли, сирпанмас ва эстетик кўринишга эга базальт материали ҳудудга замонавийлик бағишлаб, боғчанинг умумий муҳитини янада шинам ва гўзал қилади. Айни пайтда ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда ва яқин кунларда муассаса атрофи тўлиқ янгиланиши режалаштирилган.


Шу билан бирга, Узун маҳалласининг умумий қиёфаси ҳам тубдан янгиланмоқда. Кўп қаватли турар-жой биноларининг ташқи қисмларига базальт қопламалари ўрнатилди. Бу нафақат биноларнинг бардошлилигини оширади, балки ёзда иссиқдан, қишда совуқдан ҳимоя қилиб, уларга гўзаллик ва замонавийлик бағишлайди.
Абдужалол Қаюмов, Ўз мухбири