Байроғимиз – фахримиз, ғуруримиз
ФОТОРЕПОРТАЖ
Тошкент вилояти Зангиота тумани Чорсу қўрғонида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Адолат” СДП ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ҳамкорлигида “Байроғимиз – фахримиз!” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Байроқ – халқ ва давлатни улуғ мақсадлар сари бошловчи буюк машъаладир. Давлатлар тарихининг барча даврларида давлат рамзлари, хусусан, байроқ Ватан тимсоли сифатида муқаддас саналган. Байроқ остида буюк эл бирлашган, жипслашган. Шу нуқтаи назардан, “Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 2-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир”, деб белгилаб қўйилган. Миллий ғуруримиз саналган байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган.
[gallery-9612]
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, талабалар ва курсантлар, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбирда “Давлат байроғи – миллат ифтихори”, “Ўзбекистон республикаси байроғи – халқимизнинг ажралмас ифтихори” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Таниқли хонандалар ва истеъдодли ёшлар томонидан ижро этилган дилбар куй-қўшиқлар ва гўзал рақслар тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
Даврон ЭРНАЗАРОВ(сурат),ЎзА