Байрамга бағишланган тадбирлар ўтказилди
Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 33 йиллиги “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри” шиори остида кенг нишонланмоқда.
Фориш туманидаги “Фориш тоғ - ўқув ҳарбий полигони”да ўтказилган байрам тадбирида туман ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шавкат Узоқов ва бошқалар сўзга чиқиб, барча ҳарбийларни, уларнинг оила аъзоларини Қуролли Кучларимизнинг 33 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан самимий қутлади.
Тадбирда ҳарбий хизмат ва жанговар тайёргарликда алоҳида ўрнак кўрсатаётган ҳарбий хизматчилар, уларнинг ота-оналари Фориш туман ҳокимлиги ҳамда ҳарбий қисмнинг фахрий ёрлиқлари, ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир ниҳоясида Фориш туман маданият маркази санъаткорлари томонидан байрам концерт дастури намойиш этилди.
***
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жиззах гарнизонидаги “Н” ҳарбий қисмда тантанали митинг ўтказилди.
Бахмал тумани ҳокими ўринбосари, Жиззах гарнизони ҳарбий прокурори, ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларига байрам муносабати билан кўкрак нишонлари, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
***
Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмда ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадрият ва анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида вилоят ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ҳарбий қисмда “Ҳарбий ҳаёт” лойиҳаси ўтказилди.
Унда Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, миллий армиямизнинг жанговар тайёргарлик салоҳияти сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашда йигитларимизнинг шижоати алоҳида таъкидланди.
Лойиҳа доирасида ёшлар ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти, жанговар машғулотларини кузатиш, давомида ҳарбийлик касбининг нақадар шарафли эканлигига гувоҳ бўлишди.
Шунингдек, ёшларга лойиҳа давомида ёшлар учун ҳарбий қисмда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, спорт мусобақалари ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилди.
***
Шароф Рашидов тумани Олмачи маҳалласида жойлашган Жиззах гарнизонида “Халқ ва армия – бир тану бир жон!” шиори остида маҳаллаларда истиқомат қилаётган уюшмаган ёшлар ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун “Ҳарбий қисмда бир кун” мавзусида кўргазмали ва маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда ҳарбийлар ҳаётига бир кунлик саёҳат ташкил этилиб, ёшлар ҳарбий қисмнинг кундалик фаолияти, қуролланиши, жанговар техникаси ва ҳарбий хизмат тартиб-қоидалари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад – ёшларда Ватанга бўлган садоқатни ошириш, ҳарбий хизматга қизиқишни кучайтириш ва миллий қадриятларимизни улуғлашдир.
***
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги учун “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Билимлар беллашувида соҳа ходимлари, фахрийлар ҳамда ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчиларидан таркиб топган 18 та жамоа иштирок этди.
Интеллектуал ўйин давомида иштирокчиларнинг чет эл ва миллий адабиётимиз дурдоналари мазмун-моҳиятидан қанчалик хабардорликлари синовдан ўтказилди.
Якуний хулосаларга кўра, биринчи ўринни Мирзачўл тумани ички ишлар бўлимининг “Ренессанс” жамоаси қўлга киритди. Ғолибларга ИИБ бошлиғининг кўчма кубоги, диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда вилоят ИИБ ЖХХ жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг “Устувор” ҳамда Зомин тумани ички ишлар бўлимининг “Лочинлар” жамоаларига насиб этди.
[gallery-21264]
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари