Байрам кўнгилдагидек ўтиши таъминланади
Самарқанд вилоятидаги барча шаҳар ва туманлар марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, театр ва санъат саройларида Янги йил байрами тадбирлари ўтказилмоқда. Бу масканларда, умуман, 22 жойда улкан арчалар безатилиб, маданий дастурлар намойиш этилмоқда.
Ушбу тадбирлар чоғида фуқаролар ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чора-тадбирлар кўрилган.
Байрам тадбирлари ўтказиладиган объектларда ички ишлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар идоралари ходимлари жамоат тартиби ҳамда хавфсизлигини таъминламоқда.
Жумладан, ички ишлар идораларининг 1200 нафардан ортиқ шахсий таркиби жалб этилган. Вилоят ички ишлар бошқармасида тезкор штаб ва вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати мониторинг марказида ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилиб, Ички ишлар вазирлигига интеграция қилинган.
– Байрам тадбирлари ўтказиладиган ҳудудларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти бошчилигида куну тун профилактик тадбирлар ўтказилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходими Илҳом Боқиев. – Янги йил арчаси ўрнатилган жойлар атрофидаги, 300 метр радиусдаги тадбиркорлик субъектига қарашли 139 та объектда ёнғин-профилактика кўриклари, давлат тасарруфидаги 84 та объектда текширув ўтказилди. Шунингдек, 1823 та якка тартибдаги аҳоли турар жойлари, 55 та кўп қаватли уйнинг ёнғинга қарши ҳолати текширилди. Тадбирлар давомида аниқланган камчиликлар ва муаммолар ҳақида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига 16 та, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга 16 та ахборотнома ва бошқа идораларга 14 та тақдимнома киритилди.
[gallery-21089]
Байрам тадбирлари ўтказилаётган жойларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фавқулодда вазиятлар бошқармаси 54 нафар офицер ҳамда 23 та ёнғин ўчириш автомобилининг 110 нафар экипажи билан бирга кечаю кундуз навбатчилиги ташкил этилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари