Байрам барча оилаларга қувонч улашмоқда
Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг ўттиз йиллик байрами кенг нишонланмоқда. Шундай кунларда ночорлар ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг дардига малҳам бўлиш энг юксак фазилатлардан бири. Фарғона вилоятида ногиронлиги бўлган, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ташаббуси билан навбатдаги хайрли тадбир амалга оширилди.
Ҳокимлик вакиллари томонидан кўп йиллар давомида туманнинг турли соҳаларида меҳнат қилиб, ҳозирда нафақада бўлган нуроний хизматчилар, фаол ходимлар, шунингдек, 500 нафар эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди.
Нафақадаги давлат хизматчилари, фидоий фуқаролар ҳамда эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган оилалар вакиллари билан дилдан суҳбат қурилиб, энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан қутланди.
Ҳамюртларимизнинг фидоий хизматлари ҳамиша қадрли эканлиги, кам таъминланган оилалар эса доимо эътиборда эканлиги таъкидланиб, уларга байрам совғалари топширилди.
М. Сулаймонов, ЎзА