Бахтиёр бўлиш ҳар бир ёшнинг ўз қўлида
Фарғона вилоятидаги маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчилари томонидан хайрли ташаббусларга қўл урилмоқда.
Қўшни Қирғизистон билан ёндош бўлган Фарғона туманининг олис қишлоқларидан бирида жойлашган Обод маҳалласининг ёшлар етакчиси Исломжон Муҳаммаджонов шундай ташаббускорлардан бири.
Бу ерда яшовчи аҳолининг 1 минг 113 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Ободлик ёшлар бугун юртимизда яратилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ибратли ишларни амалга ошираётгани қувонарлидир.
Исломжоннинг қарийб 2 йиллик ёшлар етакчилиги фаолияти давомида 10 мингга яқин ёшлар мурожаатлари ижобий ечим топди.У Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” танловининг “Ёшлар дафтари” тизими асосида самарали иш ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси” йўналишида ғолибликни қўлга киритди. Танловга тақдим этилган лойиҳа маҳаллада ташкил этилган “Обод таълим” марказидир.
–Маҳаллада ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятда муносиб ўринни эгаллаши, фаровон турмуш кечириши учун шароит яратиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди ёшлар етакчиси Исломжон Муҳаммаджонов. – Ёшлар мурожаатларини ўрганиш давомида ёшларнинг замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларини ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича 21 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатга ижобий ечим топиш мақсадида маҳаллий тадбиркорлар ҳомийлигида маҳалла гузарида 50 кишига мўлжалланган “Обод таълим” маркази ишга туширилди.

Марказда рус ва инглиз тиллари, компьютер саводхонлиги, график дизайн каби тўгараклар ташкил этилган. Лойиҳа аввалида жами 4 турдаги тўгаракларнинг ҳар бир гуруҳига 12 нафардан ёш қамраб олиниши режалаштирилган бўлса, ҳозир илмга қизиққан ёшлар сони 60 нафарга етди. Бу ерда ўқиш сифатини яхшилаш мақсадида ёшларга таълим бериш учун профессионал устозлар ҳам жалб этилган. Исломжон билан суҳбатлашганимизда “Обод таълим” маркази эшиклари қўшни маҳаллалар ёшлари учун ҳам очиқлигини таъкидлади. Лойиҳа бошида қизиқувчилар сони бунчалик кўп бўлиши ва бу орқали маҳалладаги ёшларнинг етмиш фоизи бандлиги таъминланиши кутилмагани ҳақида айтиб ўтди.
Бугунга келиб, мазкур таълим марказида таҳсил олаётган 14 нафар ёшга “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида ёшларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларини ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш харажатларини қоплаш учун маблағ 6 ой давомида тўлаб берилади.
Маҳалла етакчиси томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз “мева”сини бермоқда. “Обод таълим” марказида бошланғич билимни эгаллаган Достонбек Алижонов “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида инглиз ((IELTS, CEFR) тили курсларини тамомлаб, чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификатни қўлга киритди.
“Обод таълим” марказида ўқишни тамомлаб юқори натижага эришган ёшларнинг яна ўз маҳалласига қайтиб, тенгдошларига билим беришлари учун барча имконият яратилган.
Мазкур маҳаллада яшовчи Музароф 23 ёшда. Болаликдан спортга меҳр қўйиб, миллий кураш спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келган. Бундан 2 йил олдин кураш тушаётган пайтда қаттиқ йиқилиши оқибатида оёқ ва қўллари ишламай қолган. Натижада биринчи гуруҳ ногирони бўлиб, юра олмай бир жойда қолиб кетган. Бу эса Музароф учун ўта салбий ҳолат эди.
– Доим ҳаракатда бўлганим учун ҳаракат қилмасдан бир жойда ўтириш мен учун ўлимга тенг бўлган, – дейди Музароф Раҳимов. – Тушкунликка тушиб, бўлди энди, ҳаётим тугади, қандай яшайман, деган пайтларни ҳам бошимдан ўтказганман. Шундай кунларнинг бирида маҳалламиз ёшлар етакчиси Исломжон менинг олдимга келиб, аҳволим ҳақида сўради. Суҳбат давомида унинг “Агар хоҳласангиз, сизнинг спортга қайтишингизга ёрдам берамиз” деган гапи мен учун янги ҳаёт тақдим этгандек бўлди. Лекин бу ҳам шунчаки гапирди-да, деб қўйдим. Лекин икки кун вақт ўтгач Исломжон ёлғон гапирмагани ўз тасдиғини топди. Мен яна ўз севган ишим билан машғул бўлишим, спорт билан шуғулланишим учун барча шароитларни яратиб берди.
Музароф “Ёшлар дафтари”га киритилиб, спорт билан шуғулланиши учун барча зарур жиҳозларни харид қилишга 12 миллион сўм ажратилди. У яратиб берилган имкониятдан хурсанд. Ҳозир пара енгил атлетика спорт тури билан шуғулланиб келмоқда. Бир неча бор Ўзбекистон чемпионатларида иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритди.
Инсоннинг табиати шундай: ҳар кимнинг ҳаёт йўлларида мағлубият бўлиши мумкин. Тушкунликка тушганда эса инсон хатоларини яхшироқ англайди. Лекин ҳамма ҳам яна ўрнидан туриб йўлида давом этишга ҳафсала қилавермайди.
Нодирахон Ҳамралиева учун ҳам бу ҳолатлар таниш. У ҳам бир вақтлар ҳаммасини йиғиштириб, хорижга кетсам, ҳаммасини бошдан бошласам, деган ўйларда юради. Оиладаги 4 қизнинг энг кичиги, боқувчиси йўқ. Ҳам касал онаси, ҳам касал опасининг ягона боқувчиси бўлгани учун оиланинг бор масъулияти унинг гарданида қолган эди.
Бироқ маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни хатлов орқали “Ёшлар дафтари”га киритиш жараёнида у эътиборга тушди. Нодира салончиликка қизиқади. Бироз туртки бўлса, албатта ўз ишининг устасига айланиши шубҳасиз эди.
Тадбиркор Лиана Калашяндан ҳунарнинг сир- асрорларини эгаллаётган қизга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун имкониятлар борлиги ҳақида маълумот берилиб, “Ёшлар дафтари” тизими орқали субсидия асосида зарур бўлган меҳнат қуроллари олиб берилди. Қишлоқ марказида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориши учун зарур имкониятлар яратилди. Шу тариқа Нодирахон 26 ёшида тадбиркор сифатида фаолиятини бошлаб, “Гўзаллик салони” очди. Бугун у атрофида 2 нафар қизни бирлаштирди. Нодирахон ўзига берилган имкониятлардан шахсий бахт формуласини ярата олади, деб ўйлаймиз.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири