Барқарорликнинг мустаҳкам пойдевори
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилоятининг бир қатор шаҳар ва туманларида “Мустаҳкам оила — тинч ҳаёт ва ёруғ келажак пойдевори” шиори остида кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ишчи гуруҳи ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур тадбирлар доирасида Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси, вилоят ҳарбий прокуратураси, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ҳарбий хизматчилар, хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида маънавий-маърифий учрашувлар, психологик машғулотлар, китоблар кўргазмаси ва спорт мусобақалари ташкил этилди.


Жиззах политехника институтида бўлиб ўтган тадбирда оила институтини мустаҳкамлаш, соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, миллий ва оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, фарзандлар тарбиясида ота-она масъулиятини янада ошириш, оилада ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан маърузалар тингланди.


Таъкидланганидек, мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 7-мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида оилаларни ижтимоий, маънавий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизими шакллантирилди. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида маҳаллаларда оилалар билан манзилли ишлаш, маънавий-маърифий тарғиботни кучайтириш, аҳолининг, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва психологик саводхонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.


Тадбир давомида ҳарбий психолог томонидан ҳарбий хизматчилар иштирокида жамоада соғлом психологик муҳитни шакллантириш, стрессни бошқариш, хизмат фаолиятида руҳий барқарорликни таъминлаш ҳамда мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга бағишланган амалий психологик тренинглар ўтказилди. Машғулотларда иштирокчиларга хизмат жараёнида учраши мумкин бўлган турли руҳий ҳолатларни самарали бошқариш, жамоада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, низоли вазиятларни конструктив ҳал этиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.


Жиззах политехника институтининг 2-ўқув биносида ташкил этилган китоблар кўргазмаси ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Кўргазмада намойиш этилган адабиётлар оилавий қадриятлар, маънавий тарбия, ватанпарварлик ва шахс камолотига оид мавзуларни қамраб олди.
Шунингдек, иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил қилиниб, уларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Маънавий-маърифий тадбирлар “Отам, онам ва мен — спортсевар оиламиз!” шиори остида ўтказилган спорт мусобақалари билан якунланди. Эпчиллик, чаққонлик, тезкорлик ва аниқликни синовдан ўтказувчи беллашувлар кўпчиликнинг диққат марказида бўлди. Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидланганидек, бундай маънавий-маърифий ва психологик тадбирлар хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, оила институтини қўллаб-қувватлаш ва жамиятда барқарор ижтимоий муҳитни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири